Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Юртимизда Али розияллоҳу анҳунинг қабрлари борми?

3319

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ибн Абу Толиб (600-661) Расулуллоҳ солллалоҳу алайҳи васалламнинг жиянлари ва куёвлари, жаннат башорати берилган ўн кишининг бири. Баъзи муфассирлар Қуръони каримнинг “Бақара” сурасидаги: “Одамлар орасида Аллоҳнинг розилигини истаб, жонини берадигани ҳам бор. Аллоҳ бандаларга меҳрибон зотдир” ояти айнан ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлганини таъкидлаганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Али ибн Абу Толибнинг фазли ҳақида кўплаб саҳиҳ ривоятлар келтирилган. Жумладан,  Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Али мендандир! Мен ундандирман! У мендан кейин ҳар бир мўминнинг валийсидир!”, - деганлар.

Шарафли маконда туғилдилар

Қурайш шайхларидан бўлган Абу Толибнинг аёли Фотима Маккага —Каъбани тавоф қилиш учун борганларида, бирдан қаттиқ оғриқ тутиб, бехосдан тўлғоқ тутиб қолади. Бироқ атрофдагиларнинг кўзлари тушиб қолишидан уялиб, Каъбанинг пардапўши орқасига ўтиб, бекиниб оладилар. Бир неча дақиқалар ўтиб-ўтмай Фотима Каъба пардапўшига ўралган болани кўтариб чиқадилар. Бу туғилган бола шундай улуғ шарафли маконда, шундай улуғ шарафга эга бўлган биринчи бола эди. Бундан аввал ҳам, бундан кейин ҳам бирор бола бундай юксак шарафга ноил бўлолмаган. Оталари Абу Толиб боланинг юксак олий бир мақомда туғилиш шарафига ноил бўлганлигини кўриб номларини Али деб қўйганлар.

Али ибн Толиб ота-оналарининг қўйнида 8 ёшга қадар тарбия топдилар. 9 ёшга етган пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Али ибн Толибни ўз тарбияларига олдилар. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу у зоти муборакнинг тарбиясида камол топдилар. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга куёв бўлдилар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Алини жуда яхши кўрганлар. Бунинг исботи ўлароқ, Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Фотимани у зотга жуфти ҳалолликка берганлари ва ўзларининг “аҳли байт”лари деб атаганларини келтириш мумкин. Бу турмушдан Ҳасан, Ҳусайн, Муҳассин исмли ўғиллар ҳамда Зайнаб ва Умму Кулсум исмли қиз фарзандлар дунёга келган.

Ҳазрати Али камбағалликлари сабабли на Фотимага ва на бошқа бир аёлга уйланиш тўғрисида фикр ҳам қилиб кўрмасдилар. Кунлардан бир куни сингиллари: “Абу Бакр билан Умар Расулуллоҳнинг олдиларига алоҳида келиб Фотимани сўрашибди, бироқ Расулуллоҳ розилик бермабдилар. Менинг ўйлашимча, Расулуллоҳ Фотимани сизга сақлаб турсалар керак, вақтни ўтказмай совчи бўлиб боринг” - дедилар. Бунга жавобан Али: “Фотимага уйланишлик учун нимам бор? Расулуллоҳ менга Фотимани беришлари мумкинлигини ким айтди”, дедилар. Шунда сингиллари: “Мен буни ўзим сезиб юрибман, сиз тез бораверинг”, дедилар. Шундан сўнг, ҳазрат Али Расулуллоҳнинг уйларига бордилар ва дудуқлана-дудуқлана: “Фотимани бир эслаб келувдим”, дедилар. Расулуллоҳ у кишига боқиб: “Хуш келибсиз” дедилар, холос. Али эса Расулуллоҳнинг ишларидан ҳайратга тушиб қайтиб кетавердилар. Меҳрибон ота қизларининг ёнларига бориб табассум ила боқиб: “Эй Фотима, сизни ҳақиқатда Аллоҳ ҳамда унинг Расули эрга беряпти”, деганларида, Фотима: “Ундай бўлса, мен Аллоҳ ва Расули буюрган кишини қабул қиламан”, дедилар. Шундан кейин Расулуллоҳ Алини чақиртириб келиб: “Бирор нарсангиз борми?” деб сўрадилар. Али эса “Қалқонимдан ўзга ҳеч нарсам йўқ”, дедилар. “Бўлмаса қалқонингизни сотиб келинг” деб буюрдилар. Али қалқонларини сотиб, пулини Расулуллоҳнинг олдиларига қўйдилар. Расулуллоҳ пулдан бир неча тангани олиб бозордан атир-упа, келинчакка тақинчоқлар сотиб олиб келтирдилар. 

Шаҳидлик мартабаси

“Хорижийлар”дан бўлган Шом халифаси Абдураҳмон ибн Мулжам  Али розияллоҳу анҳуни ўлдиргани Қуфага келади. У ерда Вардон исмли одам билан келишиб олиб, тонгда масжидга киради ва ҳазрат Али кирадиган эшикларнинг ёнига келиб ўтиради. Ҳазрат Али тонгги намозга эшикдан кираётган вақтларида Вардон заҳарланган қилич билан зарба беради. Али розияллоҳу анҳу эшикни ёндарасига ағдарилиб тушадилар.

Ибн Мулжамни тутиб, боғлаб қўядилар. Ҳазрати Али кейин одамларга қараб: “Менга қаранглар, мана шу зарба сабабли, мен ўлсам уни худди шундай зарба билан ўлдиринглар. Зеро, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “қийнаб ўлдиришдан сақланинглар, агарда қутурган ит бўлса ҳам” деганларини эшитганман”, дедилар.

Шундан кейин то жонлари жасадларидан чиққунга қадар Аллоҳнинг зикрида бўлиб турдилар. Вафот бўлганларидан кейин у жанобни ўғиллари имом Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳулар ҳамда амакиваччалари Абдуллоҳ ибн Жаъфар ювдилар, кейин кафанладилар.

Ҳазрат Алининг муборак қабрлари қаерда?

“Ҳазрат Алининг қабрлари қаерда?” деган савол кўп асрлар сирлилигача қолиб келди. Ҳазрати Али вафотидан сўнг, унинг тарафкашлари ул зот  дафн этилгач, қабрларига зарар етишидан сақланиб, яна учта тобут тайёрлаганлар. Улардан бири Маккага, бири Мадинага ва Қуддусга юборилган. Асл қабр жойи эса сир тутилган. Бу сирдан фақатгина Пайғамбар авлоди вакиллари ва уларнинг яқинларигина воқиф бўлишган.
 
Маълумотларга кўра, ҳазрат Алининг васиятига биноан унинг жасади дастлаб Бағдод яқинидаги Нажаф шаҳрида дафн этилган. “Темур тузуклари”да  Амир Темур ҳукмронлиги даврида ҳазрат Алининг Нажафдаги мозорига алоҳида эътибор берилганлиги баён этилган.

Тарихий манбаларда таъкидланишича, Умавийлар сулоласи (660-750) даврида ҳазрат Алининг авлодларига ҳурматсизлик кўрсатилган. Ўша вақтда хуросонлик саркарда Абу Муслимга ҳазрат Алининг тобутини Балхга элтиб, у ерга вақтинча дафн этиш вазифаси топширилади. Алининг жасадлари солинган сандиқ кечаси туяга ортилиб, Балхга олиб борилади ва Ҳайрон деган қишлоқда, сандиқ устига ҳақиқат ёзилган бир лавҳани қўйиб яширинча кўмадилар. Бироқ Абу Муслим бу воқеани оммага эълон қилишга улгурмасидан ўлдирилади. Шу тариқа жасаднинг Балхда экани махфий қолади.

Афғонистондами Ироқдами?

Бугунги кунда Афғонистоннинг Балх вилояти Мозори Шариф шаҳрида  мовий масжид ёки Ҳазрат Али мақбараси бор.
 
Ривоятларга кўра, Балхда ҳазрат Алининг қабри тасодифан аниқланган. Ҳайрон қишлоқ аҳолиси ерга ишлов бериш ишлари мобайнида ғиштин қабрга дуч келади. Унда Қуръон, қилич ва умуман чиримаган Ҳазрати Алининг жасади бўлган. Ўша вақтда салжуқийлар салтанатини бошқарган Санжар қабр устида мақбара қурдирган. XIII асрда манфур Чингизхон бостириб келган вақтда қабр кўмиб юборилган. XV асрга келиб, мақбара қайта очилган. Ўшанда темурийлар авлодидан бўлган шоҳ ва шоир Ҳусайн Бойқаро мақбара устида ҳозирда ҳам қад кўтариб турган масжидни қурдирган. Масжиднинг гумбазлари мовий рангда бўлгани боис у халқ орасида Мовий масжид деб аталган.

Тарихий манбаларда Балхдаги Ҳазрат Али мақбарасининг бош меъмори машҳур шоир, тарихнавис, мусиқашунос Камолиддин Биноий бўлгани қайд этилган. Кейинчалик ҳазрат Али мозори жойлашган қишлоқ катта шаҳар қиёфасини олди ва ҳазрат Али шарафига “Мозори Шариф” дея юритила бошлади.

Бошқа манбаларда эса Ҳазрат Алининг қабрлари Бағдод (Аббосийлар) ҳалифаси Ҳорун ар-Рашид бошқаруви даврида (786-809) очиқлангани қайд этилади. Қайд этилишича, бир куни ҳалифа Куфа яқинига овга чиқади. Итлар бир неча жайронлар ортидан қува кетади. Жайронлар эса бир тепаликка чиқиб кетади. Итлар улар изидан тепаликка чиқишмоқчи бўлишганида қандайдир куч уларни тўхтатиб қолаверади. Жайронлар пастликка тушишганида итлар яна қувлайди. Жайронлар яна тепаликка қараб қочади. Бу уч марта такрорланади. Хорун буни кўриб ҳайрон бўлади ва маҳаллий аҳолидан бунинг сирини билишга қизиқади. Шу яқин атрофда яшовчи бир қарияни келтиришади, у Ҳоруннинг саволларига шундай жавоб беради: “Ота-боболаримизнинг айтишича,  бу тепаликка Али ибн Абу Толиб кўмилган. Шунинг учун Аллоҳ бу жойни бошпанасизлар учун паноҳ бўладиган жойга айлантирган. Бу ерга келганлар ҳимояда бўлади”.

Ҳорун  бу гапни эшитиб, бу ерда Аллоҳга ибодат қилади. Сўнг мақбара қурдиради. Тарихчи Ибн Касир фикрига кўра, ҳазрат Али Куфа шаҳри (Ироқ)даги “Дорул-Хилофа” қабристонига дафн қилинганлар.

Ҳазрат Али Шоҳимардонга келганми?

Фарғона вилояти, Фарғона туманидаги қишлоқ — Шоҳимардонда ҳам ҳазрати Алининг рамзий мақбараси бор. Шоҳимардон атамасининг келиб чиқиши ҳам “мардлар шоҳи”, “тўртинчи халифа” ҳазрати Али номи билан боғланади. Маҳаллий афсоналарга  кўра, ҳазрати Али тез-тез Шоҳимардонга келганлар ва шу ерга дафн этилганлар. Ҳазрати Алининг қабри тўрт томони тоғ билан ўралган, икки дарё туташган жойда жойлашган эмиш. Лекин бу афсоналар илмий жиҳатдан исботланмаган.

Қишлоқ марказидаги ушбу рамзий мақбарага маҳаллий аҳоли орасида “Шердаргоҳ пирим” дея эътиқод қиладиганлар кўп топилади. Ҳазрати Али ўзининг жасорати ва довюраклиги билан ном қозонганди. Шунинг учун уни “ҳайдар” (шер) дейишарди.“Асадуллоҳ”, яъни, “Аллоҳнинг шери” деб ҳам аташади. Мақбарада шер билан боғлиқ нақшлар, тасвирлар бор.

Авлиё булоқ ва дулдул от

Тошкент вилоятининг Паркент тумани ҳудудидаги Кумушкон зиёратгоҳи ҳам ҳазрат Али номи билан боғланади. Бу ерда азим чинор бўлиб, унинг атрофидан булоқ кўз очган. Афсоналарга кўра, ҳазрат Али шу ерда ибодат олдидан таҳорат олмоқчи бўлганларида Аллоҳдан булоқ пайдо қилишини сўраганлар. Яна бир афсонага кўра, Авлиё булоқ деб аталадиган ушбу булоқдан Ҳазрат Али ўзининг Дулдул лақабли отларини суғорганлар. 2010 йилда чинор ёнида масжид қурилган.
 
Навоий вилоятининг нурота тумани ҳудудида ҳам ҳазрати Алига нисбат бериладиган зиёратгоҳ бор. Лекин юқоридаги маълумотлар кўрсатиб турибдики, Ҳазрати Али бизнинг диёримизга қадам босмаганлар. Аммо, ул зот билан боғлиқ юртимизнинг турли ҳудудларида бир қатор зхиёратгоҳдлар мавжудлиги, халқ орасида афсона ва ривоятларнинг шоёнлиги аждодларимиз ҳам бу улуғ зотга жуда катта эҳтиром билан қараганларини кўрсатади.

Шу боис, Ҳазрати Алининг муборак номлари билан боғлиқ зиёратгоҳларга сафар қилишдан аввал ул зотнинг ҳаётлари ҳақида етарли маълумотга эга бўлиш зиён қилмайди.

Умида АДИЗОВА тайёрлади.
 

УЛАШИНГ:

« Орқага