Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Юздаги тукларни теришнинг ҳукми

2495

Юзни пардозлашда асосий аҳамиятга эга ишлардан бири бу – ундаги тукларни олиб ташлаш амалиёти ҳисобланади. Бу нарса араб тилида “намс” деб юритилади.

“Намс” сўзи луғатда тукни олиб ташлаш, деган маънони билдиради.

Истилоҳий маъноси аёлнинг пешонасидаги яъни қошнинг атрофидаги зиёда тукларни игна ва шунга ўхшаш воситалар билан юлиб ташлаш. Бу ишни аёлнинг ўзи қилиши ҳам ёки бу ишда моҳир бўлган пардозчига айтиб қилдириши ҳам мумкин.[1]

Юз бу аёл чиройининг асоси бўлиб, барча гўзалликларни ўзида ифодалайди. Шуинг учун ҳам Аллоҳ таоло унинг юзини қош ва киприкдан бошқа туклардан холи қилиб яратган.

Қош бу аёлга ҳусн бўлиш билан бирга, кўзга тушиши мумкин бўлган зарралардан ҳимоя ҳам қилади.

Аллоҳ таоло қошларни маълум ўлчовда қилиб қўйган. Чунки, агар унда нуқсон бўлса, чиройи ва кўзни ҳимоя қилиш сифати нуқсонли бўлиб қолади. Масалан, агар  қошлар зиёда узун бўлса, кўзга тушиб зарарлаши йики кўз илғайдиган нарсаларни кўришдан тўсиб қўйиши мумкин.[2]

Тукларни юлишнинг шаръий ҳукми

Уламолар бу ҳақида ворид бўлган ҳадисларни далил қилиб, унинг ҳаром амал эканига иттифоқ қилганлар.[3]

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бир мавъизасида: “Аллоҳ таоло ҳусн учун Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб татуировка урувчи, (юздаги) тукларни юлувчи ва тишлар орасини очувчини лаънатласин”, деди. Шунда Умму Яъқуб[4] исмли саҳобия ўринларидан туриб: “Бу нима деганингиз”, деб сўради. “Аллоҳ ва расули лаънатлаганни лаънатласам нима бўлибди?” дедилар. Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо: “Аллоҳга қасамки, мен оятлар ёзилган саҳифаларни ўқиганман, аммо унда бу маънони кўрмадим”, деди. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “«Агар яхшироқ ўқиганингда уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: «Расул сизга нени берса олингиз ва У сизни недан қайтарса қайтингиз», деган», деб жавоб бердилар.[5]

Абдуллоҳ ибн Масъуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло татуировка урувчи ва урдирувчини, Аллоҳнинг яратганини ҳусн учун ўзгартириб, тукларни юлувчи ва юлдирувчини лаънатлади. Нима учун мен Аллоҳ ва  расули китобда лаънатлаганни лаънатламай”, дедилар.[6]

Юқоридаги икки ҳадис Аллоҳ таоло юздаги тукларни юлувчини лаънатлаганини билдиради. Аллоҳнинг лаънати эса фақатгина ҳаромлиги собит ишларда бўлади.[7]

Юздаги тукларни юлишнинг ҳар қандай тури ман қилинганми?

Бу борада уламолар турли фикрларни билдирганлар.

1 – Ҳанафий мазҳаби уламолари юздаги зиёда тукларни юлиш, агар номаҳрам эркакларга чиройли кўриниш мақсадида бўлса, ҳаром, деганлар. Аммо, бу нарса аёл юзини хунук қилиб, эрини ундан жирканишига сабаб бўлса, олиб ташлашнинг зарари йўқ. чунки, аёлнинг эри учун ороланиши таҳсинга лойиқ ишдир.

Агар аёлнинг даҳанида мўйлаб ва соқолга ўхшаш туклар бўлса, уни олиш ҳаром эмас. Бундан ташқари,  қошлар ҳаддан зиёд қўпол ўсиб юз ўта бароқ бўлса, аёл хотинчалиш кишиларга ўхшаб қолмаслиги учун уни олиб ташлашининг зарари йўқ.[8]

2 – Моликий мазҳаби уламолари юздаги тукларни юлишни унда бировга ўз аслида кўра бошқача кўриниш борлиги сабаб ҳаром ҳисоблаганлар. Бундан ташқари, мазкур ишда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганидек, Аллоҳ таоло яратган хилқатга ўзгартириш киритиш бор. Шунингдек, моликийлар фикрича, аёл ияги, пастки лаби остидан чиққан туклар ва мўйловни олиш ҳам жоиз эмас.[9]

3 – Шофеийлар наздида тукларни териш  қатъий ҳаром. Улар наздида намс – қошларни ингичка қилиб юлиш ва чиройли бўлиш мақсадида эрнинг изнисиз қошларни ўта нозик қилиб териш ҳисобланади.

Мана шундан келиб чиқиб, шофеийлар эрнинг изни билан унга чиройли кўриниш учун  бу ишни қилиши жоиз, деган ва рухсат берганлар. Аёл юзида ўсган соқол, мўйлов ва лаб остидан ўсган  тукларни юлиш ёки қириш “намс” деб аталган амаллар сирасига кирмайди. Бу масалада аёлнинг турмуш қурган ва қурмаганнинг аҳамияти йўқ.[10]

4 – Ҳанбалий мазҳаби уламолари  “намс” деганда  юздаги тукларни юлишни назарда тутадилар, аммо уни устарада қиришнинг  зарари йўқ. чунки ҳадисда келган хабар юлиш тўғрисида келган.[11]

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳдан юздаги тукларни қириш ҳақида сўралганда: “Аёлларнинг бундай қилишининг зарари йўқ”, деб айтган эди. У кишидан юлиш ҳақида сўралганда: “Бу ишни эркак ва аёллар учун макруҳ деб биламан”, деб жавоб берганлар.[12]

Фуқаҳоларнинг  фикрларида олинган хулоса:

Биринчи гуруҳ уламолар юздаги тукларни ҳусн учун теришни эрдан бошқа учун ёки, эрнинг изнисиз қилиш ва ўз аслини яшириб, бошқача кўринишга уриниш каби ношаръий сабабларга боғлаб ҳаром деганлар. Аммо, ўз эрига чиройли кўриниш мақсадида, унинг изни билан, қуйидаги шартларга амал қилган ҳолда  бу ишни қилиши жоиз дейдилар. Булар Аллоҳ таоло берган табиий кўринишнинг ўзгармаслиги ва аёл ҳуснини бузувчи соқол ва мўйлабга ўхшаш тукларнигина юлиш. Бу борада ҳанафий, ҳанбалий шофеий ва айрим моликий мазҳаби уламоларининг фикрлари юқорида айтиб ўтилди.

Иккинчи гуруҳдагилар Моликий мазҳабига мансуб бўлиб, юздаги тукларни юлиш мутлақ ҳаром, чунки бунда Аллоҳ яратган тузилишга ўзгартириш ва кўзбўямачилик бор, дейдилар.

Учинчи  гуруҳ ҳанбалий мазҳаби уламолари бўлиб, уларнинг фикрича,  тукни юлиш ва устарада қириш ўртасида фарқ бор, биринчиси ҳаром, чунки бу намсдир. Иккинчиси  намс ҳисобланмагани учун ҳаром дейилмайди.

Намснинг шариатда ҳаром  бўлиши ҳикмати

Юздаги тукларни юлишнинг Ислом шариати таъқиқлаганининг бир нечта сабаблари бўлиб, қуйида уларнинг баъзиларини айтиб ўтамиз.

  • Унда Аллоҳ таоло яратган хилқатга ўзгартириш борлиги. Инсоннинг ўз асл қиёфасини бошқача кўрсатиши ва бунинг Ибн Масъуд ривоят қилган ҳадис сирасидан ҳисобланиши;
  • Асл кўриниш ўзгариб, бошқаларни алдаш ва чалғитиш бўлгани учун;
  • Ташқи кўринишда кофираларга тақлид бўлгани учун;
  • Қош теришнинг шариат ёмон кўрган бидъатлардан бири экани.[13]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадислар ва мазҳаб уламоларининг қарашларидан келиб чиқиб, юздаги тукларни юлиш  масаласида  ҳанафийларнинг номаҳрамларга чиройли кўриниш мақсадида териш ҳаром, деган фикрлари энг қувватли эканини кўриш мумкин. чунки бунда чиройни намойиш этиш  ва фитна қўзғаш каби ишлар бор. Бу эса Ислом шариати ва фиқҳий қарашларининг аслиятига зид ҳисобланади.

Намсни ҳаром деб ҳисоблаган фикрлар замирида аёлни фитналардан ҳимоя қилиш ётади.

Юзнинг тукларини юлиш ва одатий кўринишга нисбатан зиёда қалинлашиб кетгани сабаб эр-хотин муносабатларига салбий таъсир кўрсатадиган қошларни ингичкалаштиришда,  модомики, ўртада аҳилликни юзага келтирса, ҳеч бир зарар йўқ. лаб остидан чиққан, аёлнинг юзида ўсган соқол ва мўйловга ўхшаш тукларни олиб ташлаш таъқиқланмаган. Аммо, буларнинг барчаси маълум қолипда бўлиши лозим.

  1. Эрнинг розилиги ва оилавий алоқаларни сақлаб қолиш масаласи;
  2. Фитна ва очиқ-сочиқликлардан йироқ бўлишга ишонган ҳолда бўлиши.

Юздаги туклар, хусусан қош теришнинг саломатликка салбий таъсири

Америка илмий текшириш институти олимларининг аёлларда кўп учрайдиган кўкрак бези саратони устида олиб борган тадқиқотлари натижаси  кишини лол қолдиради. Гап шундаки, кўкрак бези саратони ва юздаги тукларни териш ўртасида катта боғлиқлик бор экан, хусусан, қошни териш. Юздаги тукларни териш миядаги тирик ҳужайраларни ҳалик қилади. Қошдаги бир дона олинган тук ўрнида қон ивиши ва оксидланиш ҳодисаси юз беради. кўплаб олиб ташланган туклар ўрнида пайдо бўладиган қон қотишмаларидан пайдо бўладиган ҳужайраларнинг саратонни келтирувчи ҳужайраларга айланиш  эҳтимоли юқори бўлади. Бу ҳужайралар бир ёки икки  марта теришда билинмай, йиллар давомида йиғилади ва кўкрак бези саратонини чақиради.

Анатомик жиҳатдан олиб қаралса, қош туки ва мияга уланган капиляр  қон томирчалари ўзаро боғланган. Қошлар терилганда ўша толалар ўлади ва бу иш  иккинчи марта қайтарилганда, ўзининг салбий таъсирини кўрсата бошлайди.[14]

 

Зебуннисо Қутбиддин қизи

 

[1] Ibn Manzur “Lisonul arab” 5/4548, Ibn Asir “Jomeul usul” 4/780, Navaviy “Sharhu sahihil Muslim” 14/106

 

[2] Ibn Qoyyim. “At-tibyon fi aqsomil Qur’on” 198 bet

[3] Ibn Obidin “Hoshiya”. “Roddul muxtor” 6/373, Bojiy “Al-Muntaqiy” 7/267. Ibn Jazziy “”Qovaninul fiqhiyya” 383, Navaviy “Al-majmu” 4/30, Ahmad ibn Hanbal “Ayollarga oid hukmlar” 18 bet

[4] Ummu Ya’qub Bani Asad qabilasidan bo’lgan va Qur’oni karimni ko’p o’qishi bilan mashhur bo’lgan sahobiya. Qastaloniy “Sharhu sahihil Buxoriy” 8/428

[5] “Sahihul Buxoriy” Libos kitobi 5939 hadis. 4/66. “Sahihu Muslim” Libos va ziynat kitobi 14/105.

[6] "Sahihul Buxoriy" Libos kitobi. 5948 hadis. 4/68

[7] Imom Navaviyning Imom “SahihulMuslim”ga sharhi. 14/106

[8] “Hoshiyatu Ibn Obidin”, “Roddulmuxtor” 6/373

[9] Ibn Jazziy  “Al-qovaniynul fiqhiyya” 383 bet. Qurtubiy “Al-Jome’ liahkamil Qur’on” 5/251

[10] Navaviy “Al-majmu” 4/31, Navaviy “Ravzatut-tolibin” 1/25. Ansoriy “Hoshiyatu jamal” 1/ 418,

[11] Ibn Qudoma “Al-mug’anniy” 1/49

[12] Ahmad ibn Hanbal “Ayollarga oid hukmlar” 18 bet.

[13] Al-akk “Binaul usrotil muslimati” 375, Mutavalliy “Al-Hijob” 40, Zahro “Moda” 129

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Замонавий юз пардози ҳақида

1107 22:55 24.05.2021

«Яхшиямки, юз байт ёзмабман...»

1929 19:00 23.05.2021
« Орқага