Февраль ойи охирларида, Россия қўшинлари Украинага бостириб киришидан бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда чегара томон ҳаракатланаётган «Z» ҳарфи ёзилган танклар, юк машиналари ва ўқотар ракеталар акс этган видео ва суратлар тарқала бошлади.
Кирилл алифбосида эмас, балки рим алифбосида ёзилган «Z» Москванинг кейинги ҳаракатлари ҳақида нимани англатиши мумкинлиги ҳақида тахмин қила бошлашди.
Ҳарбий экспертлар «Z»ни «За победу» – «Ғалаба учун» ёки «Запад» – «Ғарб» деб талқин қилишган. Баъзи автомобиллар «Зорро отряди» белгиси билан бўялган, бошқалари эса «Z» Кремлнинг «биринчи рақамли нишони» Украина президенти Владимир Зеленскийни кўрсатиши мумкинлигини тахмин қилишди.
Саккиз йил аввал Украина шарқида уруш бошланганидан бери Россия ҳарбий амалиётларини кузатиб келаётган Беллингcат очиқ манбали ташкилоти тадқиқотчиси Арик Толер 20 февраль куни гуруҳ «Z» белгиси нимани англатишини билмаслигини айтди. У буни илгари кўрмаганлигини айтиб, «бу ҳақида ҳеч нарса дея олмайман», деган.
Россиялик мудофаа сиёсати бўйича эксперт Роб Ли қўшинлар Украина остонасида тўплана бошлаганидан бери «Z» белгили автомашиналарни кузатган, рамз мамлакатдаги жангларга тайинланган ҳарбий контингентларни назарда тутиши мумкинлигини тахмин қилди. “Чегара яқинида жойлашган Россия қўшинлари турли ишчи кучлар ёки эшелонларни аниқлаш учун транспорт воситаларига «Z» белгиларини тушираётган бўлиши мумкин”, — деб ёзди Лондон Қироллик коллежининг уруш тадқиқотлари бўлими доктори Ли твиттерда.
Аммо Москва Украинага ҳужумни бошлагандан сўнг, сирли ҳарбий рамз сифатида бошланган бу нарса Россиядаги урушни халқ томонидан қўллаб-қувватланаётганининг белгисига айланди ва таҳлилчилар буни янги миллатчилик ҳаракатининг авж олиши деб таърифладилар.
Оддий россияликлар ҳам ўз енгил машиналарига «Z» ҳарфини ёза бошлади, шу ҳарф билан безатилган қора капюшонлар кийиб олишди, ёқаларига «Z» шаклидаги ясама тўғноғичлар тақиб олишди – бу Россия президенти Владимир Путин ва унинг Москва таъсир доирасини Украинанинг айрим қисмларини босиб олиш орқали кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётганларидан далолатдир.
«Ҳокимият Украина истилоси учун халқ томонидан қўллов олиш мақсадида ташвиқот кампаниясини бошлади ва улар бундан кўплаб фойдалар олишмоқда», дейди мустақил тадқиқотчи ва Вашингтондаги сиёсий таҳлил марказининг собиқ ходими Комил Галеев. У Твиттер тармоғидаги тарғибот видеоларида ва ижтимоий тармоқларда россияликлар томонидан «Z» белгисидан кенг фойдаланилаётгани ҳақида ёзган.
«Бир неча кун олдин ихтиро қилинган бу рамз янги рус мафкураси ва миллий ўзига хослигининг рамзига айланди», - дея қўшимча қилган Галеев.
Кремль россияликларнинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қурбон бўлгани ёки муваффақиятсизликка учрагани ҳақидаги ҳар қандай хабарга нисбатан назоратни кучайтирди. «Сохта» маълумотларнинг тарқалишини қамоқ жазосига тенг жиноятга айлантирувчи фавқулодда янги қонунни кучга киритилди.
«Z» белгиси Россия парламенти қуйи палатаси – Дума аъзолари ичида ҳам пайдо бўлди.
Россиянинг «Россия-24» давлат телеканали учун Украинадан хабар узатаётган мухбирлар ўз кўйлагига «Z» ҳарфини ёпиштириб олишган.
Дам олиш кунларида Россиянинг асосий шаҳарларидан олинган суратларда деразалари ва сигнал берувчи ёритгичларида оқ «Z» ҳарфи ёпиштириб қўйилган ва улкан Россия байроқлари ҳилпираб турган машиналар колонналари тасвирланган.
Худди шу белгини Қозоғистонда ўз енгил автомобилларига ёпиштириб олган фуқаролар жазога тортилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Чимкентда ҳайдовчи 15 315 тенге миқдорида жаримага тортилгани ҳақида хабар қилинди. Орқа ойнага «Z» ҳарфи туширилган стикер ўрнатилиши «Транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш» деб баҳоланади. Ушбу моддада белгиланган талабларга кўра, ҳайдовчи ўриндиғидан кўришни чеклайдиган қўшимча нарсаларни ўрнатиш тақиқланади.