Илм

Закот бериш жоиз бўлган ва бўлмаган кишилар боби (Енгил фиқҳ)

626

Закот бериш жоиз бўлганлар саккиз тоифа бўлиб, уларнинг кимлар эканини Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 60-оятида Ўзи баён қилган: “Албатта, садақалар (яъни закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлидагиларга ҳамда йўловчи мусофирларга берилур”.

Буларнинг ичидан “кўнгиллари ошна қилинувчи кишилар” соқит бўлган. Чунки Аллоҳ таоло Исломни азиз қилиб, улардан беҳожат этди.

Фақир – жудаям кам нарсаси бор, мискин эса ҳеч нарсаси йўқ киши. Садақа йиғувчига, агар ишласа, имом ишига қараб беради. Ўзи ва ёрдамчиларига белгиламай, етарли миқдорда беради. Қулларни озод қилиш деганда, мукотаб қулларнинг бўйинларини озод қилишда берилган ёрдам назарда тутилади. Қарздор – қарз олган ва қарзидан ташқари нисобга эга бўлмаган киши. Аллоҳ йўлидаги киши, имом Абу Юсуфга кўра, жиҳодга чиққан киши, имом Муҳаммадга кўра эса ҳажга чиққан кишидир. Йўловчи мусофир – ватанида мол-мулки бўлиб, юрган жойида ҳеч нарсасиз қолган киши. Булар закот жиҳатлари бўлиб, мулкдор закотини уларнинг ҳар бирига бериши мумкин. Яна улардан бир синф билан ҳам чекланиши мумкин.

Закотни зиммийга бериш жоиз эмас. Аммо бундан бошқа садақаларни бериш мумкин. Закотга масжид қурилмайди, ўлган кафанланмайди, маййитнинг қарзи адо этилмайди ва озод қилиш учун қул сотиб олинмайди.

У бой кишига берилмайди. Закот берувчи ўз закотини отаси, буваси ва ундан юқоридагиларга бермайди. Яна фарзанди, фарзандининг фарзанди ва ундан қуйиларга бермайди. Шунингдек, хотинига бермайди. Хотин ҳам эрига бермайди. Бойнинг қули ва кичик боласига ҳам бермайди. Бани Ҳошимга ҳам закот берилмайди. Улар Али, Аббос, Жаъфар, Уқайл, Ҳорис ибн Абдулмутталиб уруғларидир.

Агар закотни фақир деб ўйлаб берса, сўнг унинг бой, ё ҳошимий, ёки кофир экани маълум бўлса, ёки қоронғида берганда отаси ё ўғлига бериб қўйгани маълум бўлса, закотни қайтадан бермайди.

Закотни ҳар қандай молдан нисобга молик бўлган кишига бериш жоизмас. Ундан камига молик кишига, гарчи у соғлом ва ишлаб турган бўлса ҳам, закотни бериш жоиздир. Бир кишига икки юз дирҳам ва ундан кўпини бериш макруҳ бўлади, агар берса жоиздир. Имом Муҳаммад “закот билан кишини бошқага муҳтожликдан қутултиришни яхши кўраман”, деганлар. Закотни бир мамлакатдан бошқасига олиб бориб бериш макруҳ. Балки ҳар жойнинг садақаси ўзида тарқатилади. Илло, бир инсон қариндоши ёки мамлакатидагилардан кўра муҳтожроқ қавм бўлса, ташқарига чиқариш жоиз.

"Енгил фиқҳ" китоби
Мубашшир Аҳмад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Закотни қанча бериш керак?

631 20:00 02.04.2020

Закот ҳақидаги мулоҳазалар

361 12:00 02.04.2020

Закот олишга ҳақли камбағал ва йўқсиллар кимлар?

857 20:00 01.04.2020

Закотни ҳозир берса бўладими?

1425 12:10 01.04.2020

«Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат»

470 20:30 14.03.2020

«Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат»

489 20:30 13.03.2020
« Орқага