Закот ҳақида батафсил

12:00 04.06.2019 486

Закот бу бойларнинг зиммасига юкланган фақирларнинг ҳақларидир. Бу ҳақни Ислом шариати белгилаган. Уни бермасликка, бош тортишга мусулмонман деган одамнинг асло ҳаққи йўқ. Зеро закот Исломнинг беш рукнидан биридир.

Закот молини фақат Ислом динига эътиқод қилувчи мусулмонлар ўз диндошлари бўлмиш мусулмонларнинг фақирларига беради. Ғайри динларга закотдан бошқа ҳар қандай садақа бериш мумкин, лекин закот берилмайди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “мусулмонларнинг бойларидан олиб, фақирларига беришни,” тайинлаганлар.

Закотни маблағи ва бошқа моллари нисоб миқдорига етган бойларга ҳам берилмайди. Бойларнинг балоғат ёшига етмаган болаларига ҳам берилмайди. Чунки улар отасига табъан бой ҳисобланади.

Шариат тилида “бой”ларнинг учта мартабаси бор:

  1. Тиланчилик қилиши ҳаром ва лекин закот олишга ҳақли бой. Бу кундалик эҳтиёжини қондиришга етарли маблағи бору аммо нисоб миқдорича бўлмаган одамлар.
  2. Тиланчилик қилиш ҳам, закот олиш ҳам ҳаром, аммо фитр садақасини бериш ва қурбонлик сўйиш вожиб бўлган бой. Бу закот молидан ташқари, ҳожати аслиясидан ортиқча, қиймати нисоб миқдорига етарли даражада нарсаларга эга одам. Масалан иккита уйи бор. Бирида яшайди, иккинчисига эса эҳтиёжи йўқ ва унинг қиймати нисоб миқдорига етади. Уни сотиш ниятида ҳам олмаган. Бу одам закот бермайди аммо фитр садақаси беради, қурбонлик ҳам қилади.
  3. Тиланчилик қилиш ҳаром, закот олиш ҳам ҳаром, фитр садақасини бериш, қурбонлик қилиш ва закот бериш вожиб бўлган бой. Бу ўсувчи нисобга эгадор бўлган одам.

Ва яна, бойлар закотни орада ота-болалик ва она-болалик риштаси бор яқинларига бера олмайди. Масалан ўз отасига ё ўғлига, шунингдек, онасига ва қизига, бобоси, буваси, набиралаи ҳам шу ҳукмда бир хил.

Закот орада никоҳ риштаси бор яқинига ҳам берилмайди. Масалан бой эркак ўзининг фақир хотинига, бой аёл эса фақир эрига закот бера олмайди.

Закот молини ҳошимийларга ҳам берилмайди. Ҳошимийлар бу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавми – қариндошларидир.

Улар қуйидаги беш уруғ: Али розияллоҳу анҳунинг оиласи; Аббос розияллоҳу анҳунинг оиласи; Жаъфар розияллоҳу анҳунинг оиласи; Ақийл розияллоҳу анҳунинг оиласи; Ҳорис ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг оиласи. Чунки буларнинг насаби бориб Ҳошим ибн Абдуманофга тақалади. Шунинг учун “ҳошимийлар” дейилади. Ҳошимийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туфайли олийнасаб ҳисоблангани учун одамларнинг закот садақаси уларга ҳаром ҳисобланади.

Закотни фосиқ ва золимларга ҳам берса бўлади. Баъзилар закот беришда тақводор, намозхонларни танлаб беради. Аслида эса шариат фақир даражасидаги ҳар бир мусулмонни у фосиқ бўлсин ё солиҳ, барибир закотга ҳақдор деб белгилаган. Биз ана шу мезондан чиқишимиз мумкин эмас.

Башир ибн Хасосиядан ривоят қилинди, у деди: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадик: Эй Аллоҳнинг Расули, баъзи закот олувчи одамлар бизга зулм қилишади, уларнинг қилиғига яраша закотимиздан яширсак бўладими? Расулуллоҳ жаноблари: “йўқ”—дедилар. Бир ривоятда “Ароқ ичса ҳам бераверинглар”—деган. Абу Довуд ривояти.

Закот молини масжид қуришга, ўликни кафанлашга, ўликнинг қарзини узишга, қудуқ қазиш каби ишларга сарф қилинмайди. Чунки закот муайян бир фақирга мулк қилиб берилиши шарт.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ислом жамиятининг закотга ҳақли синфини белгилаб берган:

إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاء وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللّهِ وَابْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِّنَ اللّهِ وَاللّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлидагиларга ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Тавба сураси / 60. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири ҳилол).

Бу оятда саккиз синф бир-бирма баён қилинган. Уларнинг ҳаммасига закот бериш мумкин. Илло, тўртинчи мартабада зикр қилинган кўнгилларини Исломга мойил қилиш мақсадида ҳақдорлар сафига қўшилган синф – “ал-муаллафату қулубуҳум” тоифаси халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврига келиб бекор қилинган. Бу синф уч хил тоифа эди. Кофирлар. Исломга жалб қилиш мақсадида закот маблағлари билан уларни рағбатлантирилар эди. Кофирларки, Ислом ва мусулмонларга зарари тегиш эҳтимоли катта. Уларнинг зарарини даф қилиш мақсадида закот молидан бериб турилар эди. Иймони заиф нуфузи ўткир мусулмонлар. Уларни Исломда ушлаб туриш учун закот молидан бериб турилар эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврида Ислом ва мусулмонлар оёққа туриб олгач, “ал-муаллафату қулубуҳум”га эҳтиёж қолмади ва улар ижмоъ йўли билан закотдан маҳрум этилишди.

Закот беришда бойлар аввал ўз ақраболаридан бошлаши афзал ва савоби кўп бўлади. Яъни, ака-ука ва опа сингиллари. Агар уларнинг ичида закотга ҳақли фақир бўлмаса, уларнинг болалари ичидаги фақирларга берилади. Уларда ҳам муҳтожлар бўлмаса, амаки ва аммаларидан муҳтожларга берилади. Сўнгра уларнинг болаларига, сўнгра хола ва тоғаларига, улардан кейин уларнинг болаларига. Агар қариндошлари ичида ҳаммаси бой бўлса, қўшниларга навбат келади. Қўшнилардан кейин маҳалладошларга, улардан кейин ҳамшаҳарлар, улардан ҳам фақир топилмаса қўшни шаҳарга чиқарилади.

Зеро яхшиликка энг биринчи кишининг ўз яқинлари ҳақдор бўлади, қачонки улардан ортса кейин бошқаларга берилади.

Закотга ҳақли саккиз синфнинг ҳаммасида закот олишлари учун шаръан фақирлик шарт! Агар фақир бўлмаса закот олишлари ҳалол эмас!

Лекин, закот ишига масъул ходимлар, озодлиги учун маблағ жамғараётган мукотаб қул ва йўл ўғли (мусофирлар)га фақирлик шарт эмас. Уларнинг ҳисобида нисоб миқдорига етарли мулки бўлса ҳам, закот олишлари мумкин.

Ўз ватанида нисоб миқдорига етарли бойлиги бор аммо, айни дамда қўлида маблағи йўқ мусофирлар том маънода “йўл ўғли” дейилади. Демак мусофир йўлда пулсиз қийналиб қолган бўлса, унга манзилига етиб олишига етарли миқдорда закот бериш мумкин. Гарчи унинг ўз ватанида нисобга етарли бойлиги бўлса ҳам.

Энди шундай кишилар борки, ўз ватанида муқим. Аммо уларнинг пуллари маълум муддат билан бошқаларга қарз берилган. Шу ҳолатда ҳақдорлар зоҳиран бой бўлсада айни ҳолатида ўзлари пулга муҳтож кишилардир. Булар закотга ҳақдор саккиз тоифанинг “йўл ўғли” деган синфига мажозан мансуб бўлишади ва эҳтиёжларига яраша, берган қарзининг муддати келгунча закот молидан олишга ҳақли ҳисобланадилар. Бошқалардан қарз олиб закот беришлари шарт эмас.

Агар уларнинг бировга берган пуллари номаълум муддатга бўлса ва қарздор эса қарзни қайтаришга имконсиз бўлса бу ҳолатда ҳам ҳақдорнинг гарчи қоғозда бой бўлсада амалда фақир бўлгани учун закот олиши мумкин. Асаҳ қавлга кўра, шундай.

Мабодо номаълум муддатга қарз олган одам бой бўлса, у ҳолда ҳақдор ҳаққини ундиради ва закот беради. Шунингдек, қарздор олган қарзини тан олмай инкор этиб турибди. Ҳақдорнинг эса даъвосига гувоҳлари бор. бу ҳолатда ҳам пул берган одам закот олишга ҳақсиз ҳисобланади, балки закот беради.

Мажозий “йўл ўғли” эҳтиёжини закот моли ҳисобига қондиргандан кўра, бировдан қарз олиб иш битирганлари афзал ҳисобланади.

Фақир деб моли нисоб миқдорига етмаган одамга айтилади. Моли нисобга етмаган одам соғлом бўлса ҳам, ҳунарманд бўлса ҳам закот олиши мумкин.

Битта фақирга нисоб миқдорича закот берса жоиз аммо макруҳ бўлади. Агар фақирнинг катта миқдорда қарзи бўлса, у ҳолда унга нисоб миқдоридан ортиқча закот бериш мумкин. Фақат фақир олган закотни қарзига бериб қўлида қолган миқдор закот нисобига етмаслиги керак. Шунингдек, фақирнинг қарамоғида бир неча нафар оила аъзолари бўлиб, у олган закотни шулар орасида тақсимласа ҳар бирига теккан улуш нисоб миқдорига етмаса у ҳолда ҳам унга нисоб миқдоридан ортиқча закот бериш мумкин. Масалан бир одамнинг қарамоғида тўрт киши бор. Нисоб 20 миллион сўм. Унга 99 ярим миллион сўмгача закот бериш мумкин ва макруҳ бўлмайди. Чунки у олган закот маблағини ўзи ва оиласига тақсимласа бешовига 20 миллиондан тегмайди.

Бир одамни фақир деб ўйлаб закот берилди. Кейин маълум бўлдики у бой экан, ёки ҳошимий экан, ёки ғайри мусулмон экан бу ҳолатда қайтадан закот бериши шарт эмас. Шунингдек, қоронғуда закот тарқатишда бир одамга ҳам берди, кейин ошкор бўлдики у билмасдан ўз отасига ё ўғлига закот бериб қўйибди. Буни ҳам қайта бериш шарт эмас. Чунки у бошида ният билан закотга ҳақли деб қасд қилиб берган. Шу иши ҳисобга олинади.

Бир шаҳардаги бойликка шу шаҳардаги фақирлар ҳақли ҳисобланади. Бошқа шаҳар аҳолисига бериш макруҳ бўлади.

Шайҳ Муҳаммад Соғиржийнинг “ал-Фиқҳ ал-Ҳанафий ва адиллатуҳ” номли асари асосида
Андижон шаҳри “Чинор” жоме масжид имом-хатиби Авазбек МЎМИНОВ тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!