Ислом

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

679

Муҳаммад Ғаззолий

Муҳаммад Ғаззолий Аҳмад  Саққо 1917 йилнинг 22 сентябрида Мисрнинг Бухайро вилоятида диндор оилада таваллуд топди. Унинг отаси Абу Хомид Ғаззолийга ҳавас қилиб исмини “Ғаззолий” деб қўйди.

Ғаззолий ўн ёшида Қуръонни тўлиқ ёдлади, бу ҳақда у шундай дейди: “Эртаю кеч Қуръон ўқирдим. Намозларимда Қуръонни хатм қилардим. Ёлғиз қолсам, тиловат билан машғул бўлардим. Қамалганимда ҳам хатм қилиб ўтирганман. Қуръон менинг мунис ҳамроҳим бўлган”.

Ғаззолий Искандарияда бошланғич билан бирга санавия таълимини тугатиб, 1937 йилда Қоҳирага йўл олди ва Азҳарнинг “Усулуд дин” факультетига ўқишга кирди. Учинчи курслигидаёқ газета журналларда мақолалари чиқа бошлади. 1941 йил университетни тамомлади, икки йил ўтиб докторлик ишини ёқлади, Қоҳира масжидларида даъват билан шуғулланди.

1947 йил “Ал-Ислам вал авзоъул иқтисодия” номли илк китоби чоп этилди. 1948 йил Муҳаммад Ғаззолий қамоққа олинди. Бир йилдан сўнг озод қилинди. Шайх шундан кейин ижодга зўр берди: “Ақидатул муслим”, “Кайфа тафҳамул ислам”, “Хулқул муслим”, “Маъаллоҳ”, “Ал-Хаққул мурр” номли китоблар ёзди.

Шайх Ғаззолий элликдан ортиқ асар муаллифидир. Асарлари орқали у мусулмонлар дунёқарашини шакллантириш, уларнинг диний ва сиёсий савиясини оширишни  мақсад қилганди. Айниқса, муслималар таълим-тарбияси Ғаззолийнинг диққат марказида бўлди.

Ғаззолий фасоҳатли араб тилига етарлича эътибор берилмаётганидан куюниб шундай деганди: “Араб тили хавф-у хатарда турибди, вақтида уни асраб қолинглар”. Тилшуносларга бир нечта таклифлар билан чиқди. Шайхнинг ўзи шоиртабиат эди. Китобларида шеърдан кўп фойдаланарди.

Шайх Юсуф Қарзовий шундай дейди: “Ғаззолий буюк етакчи, мутафаккир даъватчидир. Унинг мактаби ислоҳ ва уйғотиш ўчоғи ҳисобланиб, уни англаш учун кўп ўқиш керак бўлади. Ғаззолий бир давлат ёки бир қитъанинг эмас, балки бутун Ислом умматининг устозидир”.

Доктор Абдусабур Шаҳин айтади: “Дунё имом Ғаззолийнинг ўнлаб асарларини ўқиди. Бу аср Ғаззолий асри бўлди десак, муболаға бўлмайди”.

Шайх Ғаззолий жуда кўп шогирдлар етиштирди. Уларнинг ичида Юсуф Қарзовий, Манноъ Қаттон, Аҳмад  Ассол каби олимлар бор. Шайх талабаларга меҳрибон ва жонкуяр эди.

Ғаззолий ҳаётини Юсуф Қарзовий, Умар Убайд Хасана, Имодуддин Халил, Аҳмад  Хижозий, Муҳаммад Амора каби ўнлаб олимлар илмий даражада ўрганган.

Имом Ғаззолий вафот этса Бақеъ қабристонига дафн қилишларини орзу қиларди. 1996 йил 9 март куни Саудия Арабистонига илмий анжуманда қатнашиш учун борган аллома, ўша ерда вафот этди ва ўз орзусига етди.

Аллоҳ раҳматига олиб жаннат боғчаларидан жой берсин!

«Ислом ва олам» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом уммати Қуръонни тарк этди – бўлинди...

1048 08:00 24.10.2019

«Мен кофирларга ўхшаб костюм-шим киймайман!» деган бечора!

1475 16:00 23.10.2019
« Орқага