Ислом

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

545

“Исломий бомбалар” китоби муаллифи Абдулқодир Хон

Абдулқодир ибн Абдулғафур Хон 1935 йил Ҳиндистоннинг Бхопал вилоятида зиёли оилада таваллуд топди. Отаси Абдулғафур ўқитувчи, онаси Зулайхо Байжум урду, форс тилларини яхши билган зукко аёл эди, 1957 йил отаси вафот этди (Нодия Эвазий “Абдулқодир Хон Покистон ядроси отаси”).

1960 йил Абдулқодир Карачи университетининг “Улум” факультетини тамомлаб, ҳукумат вазифасида ишлай бошлади. Лекин кўп ўтмай ишдаги порахўрликлар сабабли ишдан бўшайди. Сўнг илм талабида Европа шаҳарларига сафар қилди, Берлин университетида таҳсил олди. 1967 йил Нидерландиядаги Делфтский университети магистранти бўлди. 1972 йил Лёвен университетида докторлик ёқлади ва “FDO” ширкатида ишлай бошлади (www.islamicnevs.net).

1974 йил Ҳиндистон атом бомбасига эга бўлганда Абдулқодир Хон Покистон бош вазири Зулфиқор Али Бхуттога хат  ёзиб, шундай дейди: “Покистон мустақил давлат бўлиши учун атом бомбасига эга бўлиши шарт”. Ўн кундан кейин жавоб хати таклифнома билан бирга келди. Ўша йилнинг декабр ойида учрашув амалга оширилди, 1975 йил иккинчи учрашув чоғида бош вазир олимдан Покистонда қолиб атом ишига бош бўлишни сўралди (Нодия Эвазий “Абдулқодир Хон Покистон ядроси отаси”).

1976 йилдан Абдулқодир Хон Исломободда атом бомбаси яратиш устида илмий иш бошлайди. Бош вазир икром қилиб “Ҳандаса баҳслари” лабароториясига унинг номини беради. 1998 йил Покистон Ислом Жумҳурияти ўзини атом бомбасига эга давлат деб эълон қилди, Абдулқодир Хон эса халқ қаҳрамонига айланди (www.islamicnevs.net).

Абдулқодир Хон 1981 йил инглиз тилида “Исломий бомбалар” китобини ёзди. Бу китоб ғарб оламига бомбадай таъсир қилди. (Нодия Эвазий “Абдулқодир Хон Покистон ядроси отаси”)

Абдулқодир Хон Ислом учун жонкуяр олимдир. У шундай ёзади: “Умматга айтар сўзим: аввало, бирлашсин! Бир-бирларига ўқ узмасин, душман кўзига тик боқсин. Бу борада араблар биринчи бўлиб ҳаракат қилишга ҳақлилар!”

Аҳмад  Завил қайси ихтироси учун «Нобел» олган?

Аҳмад  Завил 1946 йил 26 февралда Мисрнинг Даманҳур шаҳрида таваллуд топди. Ўзи яшаган шаҳардаги коллежини, кейин Искандария университетининг кимё факультетини тамомлади. 1969 йил шу университетда магистранти бўлди (Ҳишом Хадидий “Завил амирул кимия”).

1974 йил АҚШнинг Пенсильвания университетида докторлик ишини ёқлайди. 1976-1978 йилларда Калифорния университетида кимё фани ўқитувчиси бўлиб ишлади. Ҳозирда шу маъҳад илмий ходими, илмий ишлари шу маъҳадга мансуб (Ҳишом Хадидий “Завил амирул кимия”).

Аҳмад  Завилнинг энг катта илмий иши “Фемтусания”дир. Унинг бу ихтироси сабаб жуда тез фурсатда бўладиган ҳодисаларни кўриш имкони туғилди. Бундан олдинги камералар тез содир бўладиган ҳодисаларни илғамасди. Олимнинг ихтироси физика, кимё, биология фанларида катта ютуқларга сабаб бўлди. Бу ихтиро Нобел мукофотига лойиқ топилди. Эндиликда энг майда зарраларни ҳам камерада кузатиш имкони бор (Аҳмад Завил “Асрул илм”).

Аҳмад Завил айтади: “Кашфиёт учун яратилган қулай шароит бутун вужудим билан илмга шўнғиб кетишимга туртки бўлди. Кеча-ю кундуз тиним билмадим, керак бўлса, йигирма тўрт соат ишлардим”.

Олимнинг сўзларидан илмга қанчалик мухаббатли экани билиниб турибди. У яна шундай деган: “Илмга муҳаббат ва унга бутун борлиғингиз билан берилиб кетишингиз сизни тушингизга ҳам кирмаган мартабаларга олиб чиқади” (Ҳишом Хадидий “Завил амирул кимия”).

Аҳмад  Завилга 1982 йил Белгияда “Кимё баҳслари”. 1983 йил Ғарбий Германияда “Александр фон Гумбольдт”, 1989 йил “Малик Файсал”, 1990 йил Лайнус Карл Полинг университети “Биринчи химия устози” мансаби, 1993 йил “Вулф”, 1998 йил “Бенжамин Франклин”, 1999 йил Нобель мукофотлари соҳиби бўлди. Тантанали мукофотни топшириш маросимида сўзга чиққан Нобель мукофоти комиссияси раиси, профессор Бенжат Нурдан шундай деди: “Завил “феметескоп” ихтиро қилган кунни Галелей “телескоп” ихтиро қилган кунга қиёслаш мумкин. Галелей ўз ихтироси билан осмондаги кўп нарсани аниқлаган эди, Завил ўз ихтироси билан бутун дунёдаги ҳамма нарсани аниқлади. У бу ихтироси билан илм уфқига кўтарилди” (Аҳмад  Завил “Асрул илм”).

Мисрда ҳам Аҳмад  Завил яхши тақдирланди: 1993 йил Америка университети фахрий докторлиги берилди, 1995 йил Миср президенти Хусний Муборак “Илм-фан нишони” билан тақдирлади, Нобель мукофотини олгандан кейин у Буюк Нил медалига муносиб кўрилди. Миср почтаси Аҳмад  Завил расми туширилган иккита почта маркаси чиқарди. Даманҳур шаҳридаги катта кўча ва ўзи ўқиган мактабга олимнинг номи берилди (Аҳмад  Завил “Асрул илм”).

«Ислом ва олам» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (иккинчи мақола)

487 21:00 24.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

1004 22:30 22.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (тўртинчи мақола)

571 21:00 19.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

544 21:00 18.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (Иккинчи мақола)

586 22:00 17.10.2019
« Орқага