Замзам қачон пайдо бўлган?

00:00 26.12.2018 1445

Ҳожар онамиз ёш гўдаги Исмоил (алайҳиссалом) билан чўлу биёбонда сувсиз ва озуқасиз қолган вақтда Сафо тепалигига чиқиб ўғли Исмоилга Аллоҳ таолодан сув етказишни сўраб дуо қилади. Сўнгра ундан тушиб Марва тепалигига йўл олади ва унинг устига чиқиб дуо қилади. Етти марта иккаласи орасида шундай ҳаракат қилади. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломни юборади ва у замзам қудуғи ўрнини ишқайди ва ўша жойдан сув отилиб чиқади, яъни замзам қудуғи пайдо бўлади.

Замзам қудуғи халифа Муътасимнинг давригача усти очиқ бўлган. Кейинроқ усти ёпилган. Аббосийлар халифалиги даврида Замзам суви қудуқдан тортиб олиниб усти очиқ ҳовузларга қуйиладиган бўлган. Кейинчалик сув сақланадиган омборларга жўмраклар ўрнатилган ва замзам одамларга мешкобларда тарқатилган. Ҳижрий 1377 йилда тавоф қилувчиларга қулайлик туғдириш мақсадида Замзам қудуғи устига қурилган бино пастга олинган ва унинг устидан ҳам тавоф қилиш йўлга қўйилган.

Ҳижрий 1399 йилда Замзам қудуғининг чуқурлиги ўн саккиз метр, олтмиш сантиметр бўлган. Ҳижрий 1383 йилдан бошлаб замзамни моторда тортиб олиш йўлга қўйилган. Ҳозирда Марва тепалигининг остида замзамни тўплайдиган ва уни совутадиган марказ ташкил қилинган. Совутиш учун замзамнинг ўзидан қилинган муз қўшилади. Замзам сувидан миллионлаб ҳожилар ва умрачилар олиб кетишади ҳамда доимий равишда Мадинаи мунаввара ва Саудиянинг бошқа шаҳарларига тўхтовсиз равишда ташиб турилади. Уламолар кичкина бир қудуқдан шунчалик кўп сув чиқиб туришининг ўзи ҳам катта мўъжизадир – дейдилар.

Манба: Muxlis.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!