Зарбул масал. Ношукр от қиссаси

14:00 23.04.2018 1486

Ҳикоя қилинадики, бир шижоатли кишининг оти бор эди. У отини ардоқлар, унга қаттиқ эътибор берар, бир лаҳза ҳам айрилиққа чидай олмас эди.Отини муҳим ишларига шай қилиб қўяр ва севимли оти билан ҳар куни тонгда бепоён яйловга чиқар эди. Хотиржам ўтлаши учун юган ва эгарини ҳам ечиб қўяр эди. Арқонини ерга узун қилиб, ташлаб қўяр эди. От майсаларнинг устида ўзини ўнга-сўлга қараб думалатар ва ўтлаб юрар эди. Қуёш ботгандан сўнг отни яна уйига қайтариб, олиб келар эди.

Кунлардан бирида улар ўз одатларига биноан яйловга чиқишди. Шунда отнинг хўжайини уни устидан тушиб, оёғини ерга қўяр-қўймас от қайсарлик қилиб, қочиб қолди. Устидаги эгар ва югани билан шамол каби тез чопиб кетарди. Сўнгра хўжайини уни кун бўйи излаб топа олмади. Ҳолбуки, унинг оти қуёш ботар вақтда кўздан ғоиб бўлган эди. Шунда отнинг хўжайини отидан умидини узган ҳолда оиласи ҳузурига қайтиб келди.

От қидирилиб бўлингач, қоронғу тун отни қуршаб олди. Уни қорни очиқиб кетди. У ўт-ўланларни оғзига солмоқчи бўлди, лекин югани оғзини тўсиб қўяр эди. Ерга ағанаб дам олмоқчи бўлди, аммо эгари танасига ботиб, унга озор берарди. Ҳеч бўмаганда ёнбошламоқчи бўлган эди, узанги унга ҳалақит қилди. Ана шу кеча от учун ниҳоятда аянчли ўтди. Тонг отгач, бу машаққатлардан қутилиш учун йўлга тушди. Йўл юраркан бир дарёни қаршисидан чиқиб қолди. Дарёни нариги томонига кесиб ўтмоғи учун туёқларини сув устига қўйди. Не кўз билан кўрсинки, дарёни туби жуда чуқур экан. Сўнг дарёни нариги тарафига юзланиб суза бошлади. Ваҳоланки, белидаги камари ва кўкрак қисмига боғлаб қўйилган бўйинбоғи яхши ошланмаган теридан эди. Дарёдан эсон-омон чиққач, қуёшнинг иссиқ ҳарорати белбоғи ва бўйинбоғини буриштириб, қотириб қўйди. Натижада танасига қаттиқ ботди. Бироздан сўнг унинг бўйни ва бели шишиб кетди. Очлик билан бу азоб биргалашиб, у учун катта мусибатга айланди. Мана шу азоб-уқубатда бир қанча кунларини ўтказиб, ҳатто юришга ҳам ҳоли қолмай ўтириб олди. Шу пайт унинг ёнидан бир чўчқача ўтиб қолиб, унга ҳамла қилмоқчи бўлди. Сўнг чўчқа отни заиф, ночор ётганини кўриб, раҳми келди.

Чўчқа ундан сўради:

– Нима сабаб бундай ҳолатга тушиб қолдинг?

От ўзида содир бўлган ҳамма воқеани, яъни, эгар, белбоғ ва бўйинбоғи сабабли етган зарарларни айтиб:

– Менга бир яхшилик қилиб, мана бу устимдаги арқон-парқон ва лаш-лушларни олиб ташласанг, –деб илтимос қилди.

Чўчқа:

– Сени қандай гуноҳинг борки, бу жазоларга ҳақли бўлиб, дучор бўлдинг? – деган эди.

– Менда ҳеч қанақа гуноҳим йўқ, – деди от.

– Йўқ. Сен ёлғончисан, ё гуноҳингни тан олмаяпсан. Эй от! Агар сен ёлғончи бўлсанг, устингдаги арқонларингни бўшатиш ва сенга ёрдам беришмен учун ордир. Ҳатто менга дўст бўлишликка ҳам арзимайсан. Менга раҳмат айтишинг ҳам керак эмас. Совға-саломларинга ҳам зор эмасман, – деди.

Чўчқа отга қараб деди:

– Ҳикматларда: "Табиатида разиллиги ва пасткашлиги бор одамдан четлангин. Негаки сени соф табиатинг уларнинг ёмон хулқини ўғирлаб олмасин. Ваҳоланки, сен буни сезмай ҳам қоласан", деб айтилган.

– Яна: "Аксар инсонларга қийин бўладиган бир иш борки, уларнинг атрофидаги дўстлари ҳақиқийми, ёки сохтами била олишмайди", деб айтилган.

– Яна: "Сен разил ва пасткаш одамларни ислоҳ қилсам, улар сувдек мусаффо бўладилар, деб умид боғлаб ўтирмагин. Чунки, уларнинг табиати ўзларининг қабоҳатларига содиқроқ бўлади. Билгинки, сени мулойим бўлишинг туфайли улар ҳаргиз ифлос табиатларини тарк этмайдилар", деб, бир қанча ҳикматларни айтиб берди.

Сен ўзинга-ўзинг орттирган мана шу азоб-уқубатларни тан олмас экансан, билгинки, ҳозирда айбларинга иқрор бўлмаётганинг нариги гуноҳларингдан-да каттароқдир. Чунки, ким гуноҳини билмас экан, шу билмаслигини ўзи зарар устига зарар бўлиб, уни муваффақиятга эришиши умид қилинмайди. Ахир айтишган-ку: "Сен нодондан сақлангин, чунки у ўзига-ўзи жинояткордир, сен унга маҳбуб эмассан", деди чўчқа.

От чўчқага: – Нима бўлганда ҳам сен эзгулик ва яхшиликларни бажаришдан ўзингни тийма. Чунки замон айланиб туради, деди.Чўчқа отга: "Мен яхшилик қилишни инкор қилмаяпман. Лекин баъзи ҳикматларда: "Деҳқон донини сепишда ўзига маъқул ерни ихтиёр қилгани каби, оқил киши ҳам эзгуликларини ўзи хоҳлаган кимсага қилади", деб айтилган. Эй от, сен менга барча ишларинг ҳақида сўзлаб бер. Қандай қилиб бу мусибатлар бошинга тушганлигини ҳам айт. Ҳозирги ҳолатинг қандоқки, аввалги ҳолатинг қандоқ бўлсин. Булар ҳақида ҳам сўзлаб бергин! Токи мен сени нима сабабдан бу боши берк кўчага кириб қолганингни билай", деди.

От унга ҳаммасини рўю рост сўзлаб берди. Чўчқага йўлиққунга қадар хўжайинини ҳузурида қандай роҳатда бўлгани, ундан ажралгандан сўнг йўлда унга қандай воқеалар содир бўлганини айтиб берди. Чўчқа отга: "Гап буёқда эканда. Ана энди ҳаммаси менга аён бўлди. Сен гуноҳкорсан, албатта. Лекин сенга булар ҳозир кўринмаяпти. Менга маълум бўлдики, сенда олтита гуноҳ бор экан", деди.

Биринчиси: Сенга яхшиликлар қилган ва муҳим ишларга сен учун ҳозирлаб қўйган ҳожангни ёрдамсиз ташлаб кетибсан.

Иккинчиси: Уни қилган яхшиликларига ношукр бўлибсан.

Учинчиси: Сен ўзингни қидиртириб, уни қийнаб қўйибсан,

Тўртинчиси: Ўзингники бўлмаган юган ва эгар билан қочиб қолибсан.

Бешинчиси: Сен якка яшашга қудратинг етмаса ҳам ва бунга муносиб бўлмасанг ҳам, шу йўлни танлаб ўзинга-ўзинг тажовуз қилибсан.

Олтинчиси: Гуноҳларингда қайсарлик қилмоғинг, хатоларингда оёқ тираб турмоғингдир. Дарҳақиқат, бўйнинга ва белинга ўрнатиб қўйилган арқонлар сенга азоб бермасдан аввал, сен хўжайинингга қайтиб боришга ва қилмишларингдан кечирим сўраб қўйишга қодир эдинг.

От чўчқага: "Ана энди сен гуноҳларимни менга билдирдинг. Сен мендаги тўсиб қўйган нодонлик пардаларини йиртиб уйғотганинг учун мен каби гуноҳкорни ташлаб кетавер. Чунки мен бундай қийинчиликларнинг бир неча баробарига лойиқ эканман", деди.Чўчқа: "Демак, сен гуноҳларингни эътироф қилаётган ва узр-маъзурайтишни англаб етган экансан, ўзингни койиб, танбеҳ берар экансан ва жазоларга тайёрман, деб турган экансан, бас, айбларингни тан олганинг учун сен бу бало-ю, кулфатлардан очиқликка чиқишга ҳақли экансан”. Сўнг чўчқа дарҳол тушов ва белбоғни узган эди эгар тушди ва ундан қутилди. Чўчқа отни қолдириб, ўз йўли томон равона бўлди.

Қиссадан-ҳисса шуки, агар банда Аллоҳга ибодат қилиб, тоат-ибодатга машғул бўлмаса, Аллоҳнинг наҳйи-мункарларидан қайтмаса, Аллоҳ бундай бандани балоларга гирифтор қилиб, ўз ҳолига ташлаб қўяди. Натижада,юқоридаги зарбулмасал каби ўзидан паст одамларга муҳтож бўлиб, ёрдам сўраб юради.

Мирсобит ВОҲИДОВ,

Пискент тумани " Мулла Бўта Қози" жомеь масжиди имом-хатиби.

“Унвонул Баён” китоби асосида тайерланди.

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!