Зайд ибн Ҳориса ва осмондан тушган фаришта

06:00 09.11.2018 1171

Имом Лайс ибн Саъд (ҳижрий 94 йилда таваллуд топганлар) роҳимаҳуллоҳ айтадилар: Менга шундай ривоят етиб келди:

Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Тоифда бир кишидан ҳачирни ижарага сотиб олдилар. Сўнг ижарага берувчи ўзи хоҳлаган жойда туширишини шарт қилди.

Улар йўлда кетишар экан, ижарачи у зот розияллоҳу анҳуни бир хароба ерга олиб борди ва: “Туш”, деди. Саҳобий тушиб қарасалар, ташландиқ ерда бир неча мурдалар ётган экан. Сўнг ҳачирнинг эгаси у зотни ҳам ўлдирмоқчи бўлган эди, саҳобий розияллоҳу анҳу:

– Тўхтаб тур, икки ракат намоз ўқиб олай, – дедилар.

– Ўқи, анавилар ҳам сендан олдин ўқишганди, лекин намозлари ҳеч ҳам фойда бермаганди.

Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу айтадилар: “Намоз ўқиб бўлганимдан сўнг, у мени ўлдириш учун яқинлашди. Мен (Аллоҳга нидо қилиб): “Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси!”, дедим. Сўнг ижарачи: “Уни ўлдирма!” деган овозни эшитди. Бундан қўрқиб, ким гапирганини билиш учун ташқарига чиқди ва ҳеч кимни топа олмади. Ўз йўлига қайтганда мен яна: “Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси!”, деб дуо қилдим. Худди шу иш уч марта такрорланди.

Бир пайт қарасам мен отнинг устида бир одам билан ўтирган эканман. Унинг қўлида темир найза, бошида эса оловнинг бир шуъласи турар эди. У ўша найзасини ижарачининг белига санчди ва ижарачи ўлиб, ерга йиқилди.

Сўнг отлиқ менга: “Илк бор “Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси”, деб нидо қилганингда еттинчи осмонда эдим. Иккинчи марта “Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси”, деганингда дунё осмонига етган эдим. Учинчи бор “Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси”, деганингда эса сенинг ёнингга етиб келдим (яъни Аллоҳ мени юборди), деди”.

(Бу ривоят Имом Ибн Абдулбарр роҳимаҳуллоҳнинг “Ал-истиъааб фи маърифатил асҳааб” китобида зикр қилинган).

“Кўкалдош” ўрта махсус Ислом билим юрти талабаси
Абдулбосит АБДУВОҲИД ўғли таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!