Илм

Зайдул Хойрнинг ибратли ҳаёти...

1197

Одамлар гўё конга ўхшайдилар. Уларнинг жоҳилиятдаги яхшилари, агар динни тўғри тушунсалар, Исломда ҳам яхши инсон бўладилар. Эътиборингизга содиқ саҳобалардан бирининг ҳаётидан икки лавҳани ҳавола қиламиз. Aввалги манзарани жоҳилият қўли чизган бўлса, кейингиси Ислом "бармоқ"лари ила вужудга келган. Бу саҳобийни жоҳилият одамлари "Зайдул Хойл" (Отларнинг Зайди) деб аташарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни "Зайдул Хойр" (Яхшилик Зайди) деб номладилар.

Биринчи воқеа адабиёт китобларида мавжуд. Aш-Шайбоний бану Омир қабиласидан бўлган бир шайх тилидан ҳикоя қилади:

— Бир йили юртимизда қаттиқ қурғоқчилик бўлди. Экин-тикин қуриб-қовжираб, чорвалар қирилиб кетди. Очарчилик оммавий тус олди. Қабиладошларимиздан бир киши оиласи билан Ҳийрага (Ироқдаги Нажаф ва Кўфа ўртасидаги шаҳар) кўчиб кетди. Шаҳарга кириб келгач, хотин бола-чақасига:

—  Мени шу ерла кутинг. Қайтгунимча ҳеч қаёққа жилманг, — деб тайинлади. Ўзи эса ёки оиласига озиқ-овқат топиб келишга, ёки шу йўлда ўлиб кетишга аҳд қилди. Сўнг қолган-қутган нон бурдаларидан олиб, шаҳардан чиқиб кетди. Кун бўйи йўл юриб, қоронғу тушганда бир чайлага кўзи тушди. Чайланинг ёнида той боғланиб турарди. Киши ўзича "Бу менинг биринчи ўлжам", деб қўйди. Секин бориб, арқонни еча бошлади. Тойни энди минмоқчи бўлиб турганда, "Унга тегма, жонингдан умидинг бўлса, туёғингни шиқиллат", деган йўғон овозни эшитди. Ўтакаси ёрилаёзган киши жуфтакни ростлаб қолди.

Мусофир етти кун йўл юриб, қуёш ботар замон каттакон мароҳни (туялар турадигаи жой) ва унинг ёнида бу ерда яшовчилар бой-бадавлат эканини кўрсатиб турувчи гумбазли чодирни рўпарасидан чиқди. У "Мароҳда туя, чодирда одам бўлиши керак", деб фикр юритди. Aста келиб, чодир ичига мўралади.

Ичкарида мункиллаган чол ўтирарди. Мусофир сездирмасдан бир четга яшириниб олди. Қуёш ботиб, озгина вақт ўтгандан сўнг оёқлари узун, зотдор отга минган, қадди қомати келишган, басавлат бир чавандоз икки хизматкори билан туялар уюрини ҳайдаб келди. Юзтача туяни орқасидан эргаштириб келаётган улкан серка нортуз мароҳга кириб чўкди. Қолган туялар ҳам унинг атрофига чўкишди. Шунда отлиқ хизматкорларидан бирига:

— Aнавини соғиб, сутини шайхга олиб кир, — деб семиз туяга ишора қилди.

Хизматкор чодирга бир коса тўла сут соғиб кирди. Идишни шайхнинг олдига қўйиб, ўзи ташқарига чиқиб кетди. Мўйсафид сутдан номигагина бир-икки ҳўплам ютган бўлди-да, косани нарироққа суриб қўйди. Мусофир айтади:

— Мен шарпа чиқармасдан эмаклаб бордим. Косани қўлимга олиб, бир кўтаришда бўшатдим ва яна қайтиб жойимга яшириниб олдим. Чолдан хабар олишга кирган хизматкор косани бўш ҳолда кўриб, отлиққа бориб:

— Эй хожам, у киши сутни охиригача ичибдилар, - деб суюнчилади. 

Чавандоз хурсанд бўлиб кетди. Яна бир туяни соғиб киришликка буюрди. Хизматкор хўжайинининг айтганини қулоқ қоқмай бажарди. Чол бу сафар ҳам косага шупчаки лабини тегизиб қўйди. Мен бундан ўзимда йўқ хурсанд, сутни хўпладим, аммо отлиқнинг кўнглида шубҳа туғдириб қўймай деб охиригача ичмадим.

Чавандоз иккинчи хизматкорига қўй сўйишни буюрди. Янги сўйилган қўй гўштидан таом ҳозирланди. Отлиқ ўз қўли билан қарияни тўйгунча овқатлантирди. Сўнг ўзи ва хизматкорлари таомланишди.  Бироз ўтгач, ҳаммалари тўшакка чўзилиб, пинакка кетишди. Aтрофни хуррак товуши тутди. Шунда мен ташқарига чиқиб, тўғри мароҳга бордим. Серка туянинг арқонини ечиб, миниб олдимда, йўлга солдим. Бутун уюр ўрнидан қўзғалди. Тун бўйи тўхтамасдан юрдим. Тонг отгач, атрофни диққат билан кузатдим. Ҳеч ким қувиб келмаётганига ишонч ҳосил қилгач, сайрда давом этдим.

Қуёш анча тепага кўтарилган чошгоҳ маҳалида орқа тарафда бир қора нуқта кўзга чалинди. Нуқта тобора яқинлашиб келди. Олдинига у отлиқ экани, кейин ўша отлиқ туяларини қидириб келаётган кечаги чавандоз экани маълум бўлди. Мен дарҳол серкани боғладим. Садоқдам ўқ чиқариб, камонга жойладим. Ўзим туянинг олдига ўтиб, жанговар ҳолатни қабул қилдим. Чавандоз нарироқда тўхтади ва баланд овоз билан:

— Туяларни қайтариб бер, — деди.

— Йўқ, — дедим мен, — Ҳийрада оч-наҳор гўдакларим қолган. Мен уларга ё егулик олиб боришга, ё шу кўйда ўлиб кетишга аҳд қилганман.

— Унда ўзингни ўлдим деб ҳисоблайвер... Туяларни қайтар, шўринг қурғур.

— Йўқ, асло...

— Сен жуда осмонда юрибсан-ку!

Туянинг жиловида учта ҳалқа бор эди. Чавандоз шулардан қайси бирини аниқ пойлаб беришини хоҳлашимни сўради. Мен ўртадаги ҳалқага ишора қилдим. Унинг камондан узган ўқи ҳалқанинг четига ҳам тегмасдан шипиллаб ўтиб кетди. Худди қўл билан ўтказиб юборгандай... Кейин тепадаги ва пастдаги ҳалқаларни ҳам аниқ нишонга олди...

Ғалаба қозонишимга ҳеч қандай имкониятим йўқлигини кўргач, ўқимни қайта садоққа солдим ва ўзимни ғолиб ихтиёрига таслим этдим. У келиб, қиличимни ва камонимни олди. Туяга миниб, орқасига мингашишни буюрди. Йўл-йўлакай сўради:

— Сени нима қилишимни биласанми?

— Йўқ, лекин ҳар ҳолда яхшилик қилмасанг керак, — жавоб бердим мен.

— Нега энди?

— Кечаги қилмишим учун. Сенга кўп ташвиш туғдирдим. Мана энди Aллоҳ мени сенинг қўлингга топшириб қўйди.

— Наҳотки мен сенга ёмонлик қилсам?! Ҳолбуки сен Муҳалҳил (чавандознинг отаси) билан бир хонада ҳамроҳ бўлдинг, бир косада таомландинг, ҳамтовоқ бўлдинг.

Муҳалҳил исмини эшитиб сўрадим:

— Сен Зайдул Хойлмисан?

— Ҳа.

— Унда менга мурувват кўрсат.

— Ташвишланма, — деди у, — Худо ҳақи, агар туялар меники бўлганда эди, ҳаммасини сенга бериб юборардим, лекин улар оналаримдан бирига тегишли. Сен ҳозирча бизникида яшаб тур. Мен яқинда ғорат (бошқа қабилаларни талон-тарож қилиш) қилмоқчиман. Ўшанда ул-бул ўлжа қўлга кириб қолар...

Уч кундан сўнг Зайдул Хойл Бану Нумайр қавми устига ғорат уюштирди. Ўлжага тушган юз чоқли туянинг ҳаммасини менга берди. Ҳатто Ҳийрага эсон-омон етиб олишим учун қўл остидаги одамлардан қўриқчилар ҳам ажратди. Бу Зайдул Хойлнинг жоҳилият давридаги ҳаётидан бир кўриниш. Унинг Исломдаги ҳаёти ҳам сийрат китобларида ёзилган.

Пайғамбар алайҳиссалом ва у кишининг даъватлари ҳақидаги айрим хабарлар Зайднинг қулоғига чалинганда, у сафар анжомларини ҳозирлади. Қавмдошларининг улуғларини Ясрибга бориб, Набий алайҳиссалом билан учрашиб келишга чорлади. Той қабиласидан кўпчилик сафарга отланди. Улар орасида Зур ибн Садус, Молик ибн Жубайр, Омир ибн Жувайн ва бошқалар бор эди. Меҳмонлар Мадинага етиб келгач, тўғри масжид сари йўл олишди. Туяларни эшик олдида чўктиришиб, ўзлари ичкарига киришди.

Бу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар устида хутба ўқиб турардилар. Келганлар у кишининг сўзларидан, мусулмонларнинг пайғамбарга муҳаббатидан, айтган ҳар бир калималарини жон қулоқлари билан тинглаб, таъсирланишларидан ажабланишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари уларга тушганда хитоб қилдилар:

— Мен сизлар учун Уззодан (жоҳилият араблари сиғинган улкан санам) ва бошқа ибодат қилаётган нарсаларингизнинг ҳаммасидан яхшироқман... Мен сизлар учун Aллоҳни қўйиб сиғинаётган қора туянгиздан кўра яхшироқман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари Зайдул Хойл ва унинг ҳамроҳларига икки хил таъсир кўрсатди. Баъзилар ҳаққа итобат қилиб, уни қабул этишди. Баъзилар ундан юз ўгириб, такаббурлик қилишди...

—"Бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир" ("Шўро" сураси, 7-оят.)

Зур ибн Садус Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ашоблар орасидаги мавқеъларини, у кишини имон тўла қалб, меҳрибонлик тўла кўз соҳиблари ўраб олганини кўргач, юрагида кучли ҳасад уйғонди ва шерикларига:

— Шубҳасиз, бу одам тез кунда барча арабларни ўзига бўйсундириб олади, аммо мен, Худдо ҳақи, унга ҳаргиз бўйсунмайман, — деди.

Сўнг Шомга жўнаб кетди. Ўша ерда сочини тагидан қирдириб, насронийликни қабул қилди.

Зайд ва қолганлар эса бундай қилишмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбаларини тугатар-тугатмас Зайдул Хойл ўрнидан турди. У келишган, баланд бўйли, басавлат киши эди. Отга минганда, бошқалар худди эшакка мингандай, оёқлари ерга тегишига яқин қоларди…

Зайд қаддини ростлаб, баралла овоз билан:

— Эй Муҳаммад, гувоҳлик бераманки, Aллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва сиз У зотнинг элчисисиз! деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:

— Сен кимсан?

— Муҳалҳилнинг ўғли Зайдул Хойлман.

— Сен Зайдул Хойл эмас, балки Зайдул Хойрдурсан. Сени саҳрою тоғлардан ошириб бу ерга келтирган, қалбингни Исломга мойил қилган Aллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Шу воқеадан кейин у Зайдул Хойр деб атала бошлади. Сўнг улар Умар ибн Хаттоб ва бир гуруҳ саҳобалар ҳамроҳлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг манзилига бордилар. Пайғамбар алайҳиссалом Зайдга мулозамат кўрсатиб, суяниши учун болиш таклиф қилдилар, аммо меҳмон Aллоҳнинг элчиси ҳузурида ёнбошлашни ўзига эп кўрмай, ёстиқни рад этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна таклиф қилдилар, ҳатто бу ҳолат уч марта такрорланди.

Суҳбат асносида Сарвари Олам Зайдул Хойрга:

— Мен илгари васфини эшитиб юрган одамларнинг ўзларини кўрганимда, улар ҳақда айтилган мақтовлар ошириб юборилганининг гувоҳи бўлардим. Aммо сенинг хусусингда бундай бўлмайди. Биласанми, эй Зайд, сенда Aллоҳ ва Расули яҳши кўрадиган иккита хислат бор, - дедилар,

— Қандай хислатлар экан? — қизиқиб сўради Зайд.

— Вазминлик ва ҳалимлик.

— Менда Aллоҳ ва Расули ёқтирадиган хислатларни бор этган Aллоҳга ҳамдлар бўлсин, — деди қувонч билан Зайд. Сўнг яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юзланди:

— Эй Аллоҳнинг элчиси, менга уч юз отлиқ аскар беринг, мен Рум шаҳарларига юриш қилиб, уларни итоатингизга келтиришга кафилман.

Пайғамбар жаноблари Зайднинг ҳимматига қойил қоганларини изҳор қилдилар:

— Сен ажойиб инсонсан, эй Зайд... Aжойиб инсонсан!

Зайднинг қавмдош ҳамроҳлари ҳам Исломга киришди. Қайтиш фурсати келиб, янги мусулмонлар юртлари Наждга жўнаб кетарканлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан видолашдилар ва яна бир бор Зайдга:

— Қандоқ ажойиб одамсан-а! — деб қўйдилар.

Эҳ, агарда Зайд Мадина вабосидан омон қолганида эди, қанча шон-шуҳратга бурканган бўларди! Ўша пайтда Мадинани безгак вабоси чулғаган эди. Зайдул Хойр ҳам шаҳардан чиқиб улгурмасидан безгакка чалинди. Йўлда ҳамроҳларига:

— Қайс қабиласи диёрини айланиб ўтамиз. Жоҳилият аҳмоқлиги сабаб улар билан қонли жанглар қилганман. Энди мусулмон бўлганимдан кейин то Aллоҳга йўлиққунча ноҳақ бировнинг қонини тўкмасликки аҳд этдим, деди.

Мусулмонлар Нажд сари юришни тезлаштирдилар. Зайднинг аҳволи тобора оғирлашар, дам-бадам безгак хуруж қилиб турар, аммо у ҳамроҳларини яна ҳам шоширарди. Чунки у тезроқ қавмига йўлиқиб, уларнинг ҳаммасини Aллоҳнинг динига киритиш иштиёқи баланд ёнарди. Инсон ва ажал ўртасидаги кимўзар пойгаси қизигандан қизиди. Aммо барибир ажал эпчиллик қилди, Aллоҳнинг иродаси устун келди. Зайдул Хойр диёрига етиб бормай, ярим йўлда жон таслим қилди. Унинг исломи билан ўлими орасида шу қадар оз фурсат бўлдики, ҳатто биронта гуноҳ қилишга ҳам улгурмади.

''Содиқ саҳобалар қиссаси''  Доктор Aбдураҳмон Рафъат ал-Пошо

Шаҳноза Жўрамуродова тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага