Ислом

Зикр мажлисларининг фазилати

444

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар бир қавм бир мажлисда ўтириб, Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилсалар, фаришталар уларни ўраб олади, раҳмат уларни чулғайди ва Аллоҳ ҳам Ўзининг ҳузуридагилар орасида уларни зикр қилади». 

Яна: «Агар бир қавм Аллоҳ таолони зикр қилган ҳолларида жамланишса ва бундан Аллоҳнинг важҳинигина мақсад қилган бўлсалар, уларга осмондан бир нидо қилгувчи: «Мағфират қилинган ҳолда туринглар, батаҳқиқ, ёмонликларингиз яхшиликларга айлантирилди», деб нидо қилади», дедилар. 

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бир қавм бир жойга ўтиришса-ю, у ерда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони зикр қилмасалар, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам салавот айтмасалар, бу нарса қиёмат кунида улар учун ҳасрат бўлади», дедилар. 

Довуд алайҳиссалом айтганлар: «Илоҳо, агар менинг зикр қилувчилар мажлисидан ғофил кимсалар мажлисига ўтиб кетаётганимни кўрсанг, уларнинг олдига етиб бормасимдан оёғимни синдиргин, бу менга берган неъматинг бўлади». 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Осмон аҳли Аллоҳнинг исми зикр этиладиган ердаги уйларни худди юлдузларни томоша қилгандек турадилар». 

Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар бир қавм Аллоҳни зикр қилган ҳолларида жамланишса, улардан шайтон ва дунё ажралиб чиқади. Шунда шайтон дунёга қараб, улар нима қилаётганларини кўраяпсанми, дейди. Дунё жавоб бериб, майли, қўявер, тарқалишганида бўйинларидан тутиб, сенинг олдингга олиб келиб бераман, дейди». 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у зот бир куни бозорга кирдилар: «Сизларни бу ерда кўряпман?! Ахир масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мерослари тақсимланяпти-ку?!» дедилар. Одамлар бозорни ташлаб, масжидга боришди. Қарасалар – ҳеч қандай меросдан дарак йўқ. Улар: «Эй Абу Ҳурайра, масжидда тақсимланаётган ҳеч қандай меросни кўрмадик», дейишди. У зот: «Нимани кўрдинглар?» дедилар. Улар: «Бир қанча одам Аллоҳни зикр қилиб, Қуръон ўқиб ўтиришган экан», дейишди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Айни шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросидир», дедилар.

Аъмаш Абу Солиҳдан, у Абу Ҳурайра ва Абу Саид Худрийдан, улар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таолонинг Ер юзида сайр қилиб юрадиган фаришталари бўлади. Улар Аллоҳ азза ва жалла зикр қилинаётган бир қавмни топсалар, қидираётган нарсангиз мана бу ерда экан, деб бир-бирларини чақирадилар. Сўнг улар келишиб, қавмни осмонгача ўраб оладилар. Шунда Аллоҳ таборака ва таоло (фаришталарга): «Улар мени кўришганми?» дейди. Улар: «Йўқ», дейишади.

Жалла жалолуҳу: «Агар кўрганларида қандай бўларди?» дейди. Улар: «Агар Сени кўрганларида тасбеҳ, ҳамд ва тамжид айтишда янада мустаҳкам бўлишарди», дейишади. У Зот: «Улар нимадан паноҳ сўрашаяпти?» дейди. Улар: «Дўзахдан», дейишади. Аллоҳ таоло: «Улар дўзахни кўришганми?» дейди. Фаришталар: «Йўқ», дейишади. Аллоҳ азза ва жалла: «Уни кўрганларида қандай бўларди?» дейди. Улар: «Агар уни кўришганида ундан янада қўрқишган ва қаттиқроқ қочишган бўлишарди», дейишади. Кейин Аллоҳ азза ва жалла: «Улар нимани талаб қилишяпти?» дейди. Улар: «Жаннат талаб қилишяпти», дейишади. Аллоҳ таоло: «Уни кўришганми?» дейди. Улар: «Йўқ», дейишади. Аллоҳ таоло: «Уни кўришганида қандай бўларди?» дейди.

Улар: «Агар кўришганида унга янада ҳарис бўлишарди», дейишади. Шунда Жалла жалолуҳу: «Сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, батаҳқиқ, уларни мағфират қилдим», дейди. Фаришталар:

«Уларнинг ичида фалончи ҳам бор экан, у бу қавмни қасд қилиб келмаган, балки ҳожати тушиб келган», дейишади. Шунда Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Бу шундай бир қавмки, улар билан бирга ўтирганлар ҳам бадбахт бўлмайди».

“Зикр, дуо ва вирдлар...” китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми)

274 18:58 28.03.2020

Келган балолардан ибрат олиш

948 13:30 28.03.2020

Султон ва жория

1649 07:00 28.03.2020

Ҳижр сураси тафсири

349 06:30 28.03.2020

“Сетевой маркетинг”нинг савдоси ҳалолми?

1478 20:30 27.03.2020

Расулуллоҳ қандай кишиларни суяр эдилар?

1297 08:30 27.03.2020
« Орқага