Туркия ва Суриядаги зилзила кўплаб инсонларнинг вафотига сабаб бўлди. Ҳамдардман. Туркиядек қурилиш соҳасида илдам давлатда шунча бино бузилгани жуда қўрқинчли ҳолат. Ўзбекистон ҳам зилзилага мойил ҳудудда жойлашган.
Қурилиш соҳасидаги стандартларимиз ва шу стандартларга амал қилиш қониқарли ёки ижобий даражада, деб умид қиламан. Туркиядаги зилзиладан сўнг япониялик экспертлар “бизда 9 балли зилзилада ҳам уйлар бузилмайди. Бу ерда 7 балли зилзилада кўплаб бинолар бузилди. Стандартларга амал қилинмаган”, деб хулоса берибди.
Бу зилзила Эрдоған маъмурияти учун жиддий имтиҳон. Роппа-роса икки ой-у бир ҳафтадан кейин президентлик сайловлари бўлади. Зилзила сабаб, Туркияда ижтимоий кайфиятдаги приоритетлар ўзгарди: иқтисодий-ижтимоий муаммолар бироз ортга сурилди, қурилиш хавфсизлиги, зилзила қурбонларига ёрдам, уйсиз қолганларни уй-жой билан таъминлаш – олдинга чиқди.
Ушбу зилзила фонида турк мухолифатига эътибор бироз пасаяди, ҳуқуматга эътибор ва босим янада ошади. Лекин, ўйлашимча, бу вазиятда Эрдоған ўзини кучли инқироз менежери сифатида кўрсата олади. Натижада, ушбу зилзила ҳам Эрдоғаннинг қайта сайланиши учун қўшимча фоизларга сабабчи бўлиши мумкин.
Камолиддин Раббимов, сиёсий эксперт.