Зилзилага гуноҳларимиз сабабми?

14:00 14.03.2019 3081

Тун яримдан оққанида қаттиқ ер силкинишидан чўчиб уйғондим. Учта фарзандимни апил-тапил судраб, етаклаб югуриб ташқарига отилдим. Нега бундай қилганимни кейин фаҳмладим. Ёшлигимизда, бувимлар зилзила пайти бизни шундай қилган эди. Бироқ кейин  Аллоҳнинг Ўзи асрамаса барча ҳаракатларимиз бефойда эканлигини тафаккур қилиб, истиғфор айтиб болаларимни ўрнига ётқиздим. Аммо юрагимдаги ваҳима ҳа деганда босилмади. Охирги кунларда нималар қилганимни, гуноҳ-савобимни, узоқ сафарга тайёр ёки тайёр эмаслигимни мулоҳаза қилдим. Ва динимизда зилзилага  сабаб бўлувчи амаллар, омиллар ҳақида нималар дейилганини билишни истадим. Аслида гуноҳларимиз, ер юзида фитна, жоҳиллик кўпайиб кетганидан ҳам шу зилзила орқали огоҳлантирилмадикмикин?..

Зилзила ҳақида ривоят қилинган ҳадислардан

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм қабз қилинмагунича, зилзилалар кўпаймагунича, вақт қисқариб, фитналар зоҳир бўлмагунича Қиёмат қоим бўлмайди!”

Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу айтади: “Ким (зилзила пайтида) намоз ўқиса жуда яхши иш қилибди, ўқимаганга эса хеч қандай маломат йўқ”.

Салама ибн Нуфайл Сукунийдан ривоят қилади: “Қиёмат соати олдидан ўлим шиддат-ла кўпаяди, ундан кейин зилзила йиллари бўлади”, дедилар.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Умарнинг аёли София розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: “Умар розияллоҳу анҳу даврида Мадинада ер силкинишидан ҳатто сўрилар тебранди. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо тик турган ҳолда эди, эътибор қилмади. Тонг отгач, Умар розияллоҳу анҳу одамларга қараб: “Эй инсонлар! Нима бидъатларни қиляпсизлар?! Агар яна (зилзила) қайтарилса, қасамки, сизларни (Мадинадан) чиқариб ташлайман!” деди.

Демакки, кечаги зилзилани бир огоҳлантириш деб қабул қилмоғимиз ва савоб ишларимизни, истиғфорни кўпайтирмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло қалбимиз ва ханадонларимизнинг хароб бўлишидан Ўзи сақласин!

Саида Рустам қизи

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!