Зийнат неча хил бўлади? 

10:00 17.02.2019 1424

Зийнат асосан тўрт хил бўлади: халқий, касбий, зоҳирий ва ботиний зийнат.

Халқий зийнат деганда, юзнинг гўзаллиги, қоматнинг мўътадил ҳолатда яратилгани, кўзларнинг косачалари каби аъзолар тушунилади. Чунки юз зийнатнинг асли бўлиб, ундан кейинги зийнатлар касб қилинади. 

Яъни, сурма ва бўёқлар юз-кўзларни янада гўзаллаштириш мақсадида истеъмолда қўлланилади. Шу боисдан, Аллоҳ таоло ўз каломида: «...ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар!..» демоқда. Рўмол эса бошни ёпади ва кўкрак устидан ташлаб қўйилади ҳамда ушбу аъзоларни тўсиб туриши билан у ҳам инсон учун  зоҳирий бир зийнат ҳисобланади. Шу асосида Аллоҳ таоло аёлларга ўз хилқатларини зоҳир қилишдан қайтармоқда.

Зоҳирий зийнатга эса Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қавлларига биноан кийим ва либослар киради. (Имом Қуртубий тафсиридан) Мужоҳид роҳматуллоҳи алайҳ сурма, узук ва бўёқларни ҳам зоҳирий зийнатга қўшганлар.

Ботиний зийнат – кўрсатиши қатъиян ҳаром бўлган зийнат. Буни Аллоҳ таоло Ўз Каломи шарифида:

«Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Шунингдек, (одатда) кўриниб турадиганидан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар! Улар зеб-зийнатларини эрлари ё оталари, ё эрларининг оталари, ё ўғиллари, ё эрларининг ўғиллари, ё ўзларининг оға-инилари, ё оға-иниларининг ўғиллари, ё опа-сингилларининг ўғиллари, ё ўзлари (каби) аёллар, ё қўл остиларидаги (чўри)лар, ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолганлар, хунасалар ёки ақлсиз-девоналар каби) эркак хизматкорлар, аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдаклардан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар! ("Нур" сураси, 30, 31-оятлар),
деб баён қилган. 

Яъни, аёллар зийнатларини эрлари ва маҳрамлари бўлган кишилардан бошқасига кўрсатмасликка буюрилди. Дарҳақиқат, жоҳилият аёллари рўмолларини орқа тарафларига ташлаб, боғлаб юрардилар. Гардан ва кўкраклари эса очиқ ҳолатда бўлар эди. Муслима аёллар олдидан ўраб боғлаб олишга буюрилди. Шунинг билан уларнинг бўйинлари ҳам, гарданлари ҳам бекитилди. Шунингдек боши билан сочлари ҳам, қулоқдаги сирғалари, бўйнидаги мунчоқлари ҳам иҳота қилинди. Аллоҳ таоло бундай амр этади:

... وَإِذَا سَأَلْتُمُوهُنَّ مَتَاعًا فَاسْأَلُوهُنَّ مِنْ وَرَاءِ حِجَابٍ...

«... Қачонки, сизлар улардан (пайғамбар аёлларидан) бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўрангиз!..» ("Аҳзоб" сураси, 53-оят).

Муфассирлар мазкур оятдаги қайтариқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг азвожи мутаҳҳаролари учун бўлса ҳам, ҳукм оммагадир, дея тафсир қилишган...

Манбалар асосида Абдуллоҳ НУРУЛЛОҲ ўғли тайёрлади.
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!