Таҳлил

Зиёрат туризми. Бухоро Конядек бўла оладими?

794

Туркиянинг жануби-ғарбида жойлашган Коня шаҳри зиёрат туризми бўйича етакчи манзиллардан. Салжуқийлар салтанатининг пойтахти бўлган бу шаҳарда Мавлоно Жалолиддин Румий яшаб ижод қилгани, мақбарасининг шу ерда жойлашгани сабаб ҳар йили шаҳарни юз минглаб сайёҳ зиёрат қилади.

Ўзбекистонда ҳам зиёрат туризмини ривожлантиришга урғу берилар экан, бу борада Ислом цивилизациясининг марказларидан бири ҳисобланган Бухоро шаҳри Коня тажрибасига таяниши мумкинми?

Коня ва Бухоро шаҳарлари ўртасида ўхшаш жиҳатлар талайгина. Ҳар иккиси ҳам ўз вақтида пойтахт бўлган, ислом маданияти тарихида ўзига яраша ўрни бор.

Конядаги Салжуқ университети профессори Нажми Уяникнинг айтишиша, бир пайтлар Коня ва Марказий Осиё минтақаси, хусусан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудини маънавий ришталар ўзаро боғлаб турган. Марказий Осиёдаги исломий тариқатлар, маънавий мерос, меъморчилик анъаналари ва турмуш тарзи Конядаги ҳаётга ҳам таъсир кўрсатган.

«Коня турк-ислом дунёсининг пойтахти бўлгани учун Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хивада пайдо бўлган ҳамда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Нақшбандий, Абдулхолиқ Ғиждувоний каби пешволар асос солган маънавий мерос шу ергача етиб келган. Албатта, Коня тарихида Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ўрни беқиёс, у бағрикенгликни, қардошликни, бирдамликни тарғиб қилган», – дейди олим.

Дарҳақиқат, Коняни Румийсиз тасаввур қилиш қийин. Унинг қабрини зиёрат қилиш учун дунёнинг турли нуқталаридан турфа динлар ва маданиятлар вакиллари келади. Умуман, Коня шаҳри Туркияда зиёрат туризмининг муҳим марказларидан биридир: бу ерга ҳар йили ўртача 3 миллион сайёҳ келади.

Бухоро ҳам худди шундай зиёрат туризми марказига айланиши мумкинми? Ўзбекистон ҳукумати 2021 йилгача Бухорога келадиган хорижий сайёҳлар сонини икки баравар кўпайтиришни ва сайёҳлик хизматлари тушадиган даромадни 350 миллион долларга етказишни режалаштирган.

Ўзбекистонда ва, хусусан, Бухорода туризм секторининг нисбатан янги йўналиши ҳисобланувчи зиёрат туризмини ривожлантириш йўлида қандай муаммолар мавжуд?

Ўзбекистон бўйлаб зиёрат туризми хизматларини кўрсатувчи фирмалардан бирининг раҳбари Ғолиб Содиқов охирги пайтда хорижлик мусулмон сайёҳлар сони ортаётганини айтади.

«Бироқ инфатузилма билан боғлиқ бир қатор масалалар бор, – дейди у. – Йўл бўйларида масжидлар сонини кўпайтириш, масжидларда аёллар намоз ўқиши учун шароит яратиш, меҳмонхоналар сонини орттириш ва ходимларининг исломий талабларга кўра кийинишини тартибга солиш, сув ва электр таъминотида узилишларнинг бўлмаслигини таъминлаш, шаҳарлараро транспорт қатновини яхшилаш, автомобиль ижарасини ривожлантириш шулар жумласидан».

Ғолиб Содиқов Бухородаги тадбирларни диний ва маънавий мавзулар билан чеклаш кераклигини айтади.

«Зиёрат туризмини ривожлантирар эканмиз, бир нарсани тушунишимиз керак: зиёрат учун келган одам ўйин-кулги қилмайди. Биз зиёрат туризми деяпмиз, лекин Бухорода ҳар хил тадбирлар, модалар ҳафталиги ўтказиляпти. Бир масала сайтларга ҳам чиқиб кетди: Лаби Ҳовуздаги дискотека. Бу билан зиёратчиларни ўзимиздан совитамиз, яъни уларни келмайдиган қилиб қўямиз. Биз британиялик туристларнинг ўша дискотекани кўриб, четроқдан ўтиб кетишга ҳаракат қилишганига гувоҳ бўлдик. Улар қанақа қилиб Бухорода, мадрасалар атрофида дискотека бўлишини тушунишмади. Тушунишмайди ҳам. Улар Бухорони диннинг қуввати деб билишади. Тўғри, Совет даврида бу нарса йўқликка қараб кетди, лекин ҳозир ҳаммаси яхши, алҳамдулилла. Зиёрат туризмида дискотекалар билан ёки шунга ўхшаш нарсалар билан турист жалб қилиб бўлмайди. Ёки қайси шаҳарларда зиёрат туризми, қайси шаҳарларда оддий туризм ташкил этилишини ажратиб олиш керак», – дейди у.

Ғолиб Содиқов Ўзбекистонга келаётган зиёратчиларнинг талабларини қондириш учун ҳалол ошхоналарга эътиборни кучайтириш, уларнинг фаолиятини халқаро ҳалол стандартларга мослаштириш зарурлигини таъкидлайди.

«Ҳар бир зиёратчи биздан мамнун бўлиб кетиши керак, ана шунда улар ўз танишларига Ўзбекистонни тавсия қилади», – дейди у.

Манба: Amerika ovozi

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бухорода қадимий қўлёзмаларда қайд этилган ҳаммомнинг қолдиқлари топилди

913 11:05 12.08.2019

Директорлари 100 фоиз қўшимча устама ҳақ оладиган «Халқаро математика мактаби» ташкил этилади

540 10:50 10.08.2019

Саримсоқ сабабли Исломга кирган оташпараст

1861 16:50 02.07.2019

Пул илинжида обидаларнинг асл функцияларини ўзгартирмайлик!

1000 10:45 28.05.2019

Бухорода араб тилига ихтисослаштирилган мактаб очилади

1214 18:24 17.05.2019
« Орқага