Зиёрат туризми, Исломий туризм, диний туризм, шаръий туризм ва ҳалол туризм?

10:00 11.12.2018 1136

Қай бир атама тўғри?

"Сен: «Ер юзида сайр этиб юринглар ва махлуқотларни У зот аввал-бошдан қандай яратганига назар солинглар...», деб айт" "Анкабут" сураси 20-оят.

Мусулмонларнинг Ер юзи бўйлаб турли мақсадларда, диний ибодатларни адо этиш (ҳаж ва умра), ризқ излаш ва умуман бошқа сабаблари билан саёҳат қилиши туризм соҳасида ўзига хос ёндашув ва стандартларга асос солинишига сабабчи бўлди.

Шу ўринда туризм мутахассислари мусулмонларнинг диний талабларидан чиқмаган ҳолда ҳар қандай сабаб билан саёҳат қилишларини барча учун бирдай тушунарли бўлиши учун қандай номланиши устида фикрлар билдирганлар.

Турли атамалар тавсия этилди: зиёрат туризми, Исломий туризм, диний туризм, шаръий туризм, ҳалол туризм ва ҳоказо.

Юқоридаги атамаларнинг барчасининг муаммоли жиҳатлари бор эди. Мисол учун зиёрат туризми дейилганда кўпчилик мусулмонлар фақат ҳаж ва умра зиёратларини тушунадилар, исломий туризм ва диний туризм шоппинг, саёҳат ва дам олишни қамраб олмайди, барча саёҳат ҳам тўлалигича шаръий бўлмаслиги мумкин ва ҳоказо.

Турли баҳс ва мунозара, диний соҳа ва туризм мутахассисларининг фикрларидан келиб чиқиб Muslim-friendly travel (мусулмонлар учун қулай туризм) атамаси маъқул кўрилган.

Шундай қилиб, мусулмонлар учун қулай туризм – Ислом дини вакилларининг шахсий талабларидан келиб чиқиб, диний талабларига мос шароитда саёҳат қилишларига айтилади.

Мусулмонлар учун қулай туризм фақат диний сабаблар билан, диний масканларни ёки мусулмон мамлакатларни саёҳат қилишни назарда тутмайди. Балки у сайёҳларнинг диний амаллари ва талабларини тарк этмаган ҳолда саёҳат қилишига қулай бўлган муҳитни англатади.

Хулоса сифатида, Исломий шариатни асос қилиб олган ҳолда, асосан мусулмон бўлган саёҳатчиларга (ҳалол меҳмонхоналар, ҳалол курортлар, ҳалол ресторанлар ва ҳалол саёҳат каби) туристик хизматларни таклиф қилишга мусулмонлар учун қулай туризм  дейилади.

Саид Комил ХОЛХЎЖАЕВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!