Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Зулайҳо қиссаси

2090

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм 28-қисм)

Мутолаа

Аёлларни аёллар ҳам эзади


Фазилат кўзини катта-катта очганча бақириб юборди: 

– Сенга ким секин-секин бошланди, деб айтди? Ҳаммаси яшин тезлигида содир бўлди ва буни зудлик билан тугатиш шарт! Агар менда инсоний хоҳиш-ирода бўлса, буни уддалашим, ҳеч кимга зулм қилмаслигим керак. 

– Жуда чиройли ва кучли гапиряпсан. Юрагингдаги бу кучни ҳаракатларингга кўчирсанг, яхши бўлади ҳаммаси. Ҳозир сенга бир оят ўқиб бераман. Бу кеча Аллоҳга қайтиш кечанг бўлиши мумкин. 

– Нега бўлмасин! Қани, ўқи-чи! 

– “Кимки Раҳмон зикридан (Қуръон насиҳатларидан) кўр бўлиб олса (юз ўгирса), Биз унга шайтонни улфат қилиб қўйгаймиз, бас, у унга ҳамроҳдир” (Зухруф сураси, 36-оят). Яхшилаб ўйлаб кўр, Фазилат, агар Исломни маҳкам ушлаганингда ёки Али Исломга амал қилганида бошингга шундай иш келармиди? 

– Лекин мен динимиз талаб қилгандек яшаётгандим. 

– Аммо қалбинг Аллоҳдан узоқ эди, Фазилат. Жуда ғайратли ва самимий мусулмон бўлсанг ҳам, Аллоҳга алоҳида вақт ажратмасдинг. Ҳамма вақтинг бандаларга бағишланганди. На зикр, на тафаккур қилардинг. Сенинг “Намозни адо этиб бўлганингиздан сўнг, турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларингизда (ҳам доимо) Аллоҳни ёд этинг!” (Нисо, 103) деган ояти каримага амал қилган ҳолда, намоздан сўнг зикр айтганингни ҳеч қачон кўрмаганман. 

– Аллоҳ учун ҳаракат қилардим-у, У Зотнинг ҳукмлари билан эмас, ўз қоидаларим билан яшардим. 

– Сенга айтмоқчи бўлганларим ҳали тугамади. Мени яхшилаб тингласанг, қутулишингга васила бўла оламан. Ўқиган оятларимни қалбинг ва ақлинг билан татбиқ қилишга урин. 

– Азизим, оят татбиқ қилинмайдими? Бу нима деганинг, албатта амал қиламан. 

– Агар ҳар бир оятни ҳаётимизда қўллаганимизда эди, бунчалик паришон бўлмасдик. Қуръондаги Юнус алайҳиссалом қиссасини биласанми? Менинг диққатимни тортди. 

– Йўқ. 

– Ундай бўлса, сенга аввал шу ҳақда айтиб берай, кейин оятни ўқийман. Соат неча бўлди? 

– Ҳали ўн икки ҳам бўлмади, – деди Фазилат билагидаги соатга қараб. – Эрталабгача анча бор. Бу кеча қандай ўтади, билмайман. 

– Ҳозир сен саволимга жавоб бердингми? 

– Йўқ, мен ичимдаги Фазилатнинг саволига жавоб бердим. Соат ўн бир ярим. 

– Майли, бу кеча сенга бир неча соат вақт ажратаман. 

– Раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин. Дўст дегани ёмон кунида дўстини айбламасдан қутқаришга ҳаракат қилади. Довдираб қолгандим, сен келгач, енгил тортдим. Хўш, эътиборингни тортган оят қайси эди? Юнус алайҳиссалом қиссасини айтмоқчийдинг. 

– Юнус алайҳиссалом ўз қавмига тавҳид динини тушунтириб берди. Агар тўғри йўлга қайтмасалар, Аллоҳнинг азоби келишини билдирди, аммо бебош қавм қулоқ солмади. Аллоҳ ваъда қилган бало кела бошлади. Ўшанда Юнус алайҳиссалом қишлоғидан кетишни ўйлади. Бу Аллоҳдан сўрамасдан қочиш фикри эди. Аллоҳ белгилаган жазодан ким ҳам қоча оларди? Юнус алайҳиссалом ҳам кетолмади. Бошқа ўлкага йўл олган кемага минди. Йўлга чиқишганида кемада ортиқча оғирлик борлиги сезилди. Йўловчилардан бирини денгизга улоқтириш кераклигини айтишди. Қуръа ташлашди, Юнус алайҳиссаломга чиқди. Сувга отишганида у кишини улкан балиқ ютиб юборди. Шу пайтгача ном берилмаган балиқни кейин “Юнус” деб аташди. 

Балиқ ютганидан сўнг Юнус алайҳиссалом хатосини тушунди. Аллоҳдан умидини узмай, дарров зикр айтишни бошлади: “Ла илаҳа илла анта субҳанака инни кунту миназ-золимин”. Мени қаттиқ қизиқтирган оят мана шу. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида, албатта, у (балиқ) қорнида, то (одамлар) қайта тириладиган кунларигача (қиёматгача), қолиб кетган бўлур эди” (Соффот сураси, 143–144-оятлар). 

Биз яшаётган дунё балиқнинг қорнидан минг карра баттар, исёнимиз эса кўпроқ. Юнус алайҳиссалом зикр айтди, балиқнинг қорнидан чиқди. Демак, биз ҳам зикр келтирмасдан бу зулматдан қутулолмаймиз. Назаримда, Аллоҳ таоло бизга шундай дейди: “Эй бандаларим! Мен  Муҳаммадга айтдим, Юнус ҳикоясини сиз ҳам тингланг!” 

Фазилат жуда таъсирланди: 

– Ҳақиқатан, жуда улуғ оят. Мен Аллоҳдан қочмадим, лекин барибир исёним оз деёлмайман. 

– Аллоҳдан қочиш учун илло бир кемага чиқиш шарт эмас. Бундан ташқари, қалбнинг қочиши билан вужуднинг қочиши ўртасида катта фарқ бор деб ўйлайсанми? 

Фазилат ўйга толди:

– Ҳа-а... Оят маъносини тўғри тушунтирган одамга ноҳақсан деб бўлмайди. Мени нафсимнинг балиғи ютиб юборди. Унинг қорнидан чиқиш учун зикр қилишим керак... Ислом аҳкомларини диққат билан тинглашим керак. 

– Ҳали тугагани йўқ. Қара, Тоҳо сурасининг 124-оятида Ҳақ таоло: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур, ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз”, дейди. Бу оятдаги зикрдан мақсад тасбеҳ билан қилинган зикр эмас, Исломдир. Гарчи бу ерда кофирлар назарда тутилган бўлса ҳам, биз сабоқ олишимиз керак. Демак, Исломдан юз ўгирган инсон қанчалик бахтли бўлмасин, ҳақиқий ҳузурни топаолмайди. Яна бир оят ҳам менга қаттиқ таъсир қилади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб, ёд этинглар” (Аҳзоб сураси, 41–42-оятлар). 

Аллоҳнинг дўстларидан бири оятнинг шу жойини “зикрда сузинглар” деб тафсир қилади. Яъни қалбни Аллоҳдан айирмаслик керак. Сени Аллоҳга қайтишга даъват қиламан. Имонингни янгилаб ол. Имони эскирганларнинг қалби имон лаззатини ҳис этмайди. Мусулмонларнинг бугунги аҳволини қара, ҳамма Аллоҳ дея У зотнинг исмни айтади. Аммо буюрганларига амал қилишга келганда, уларнинг кўпи ҳатто намоз ҳам ўқишмайди. Бугун кўпчилик эрнинг ёки хотиннинг ҳаққини поймол қилиш ҳам банданинг ҳаққига хиёнат ҳисобланишини унутиб қўйди. Улар дин деганда фақат чиройли-чиройли сўзлар, мусулмонча ташқи кўринишлар билан чекланиб қолишмоқда. Ҳайҳот... 

Фазилат дугонасини диққат билан тингларди. Қаҳвани ичиб, қўлида бўш финжонни тутганча ўйга чўмиб қолганди. Кўзлари ёшга тўлиб деди: 

– Оятларни эшитсам, қалбим ғалати бўлади, титраб кетаман. 

– Агар қалбинг таъсирланмаганида, қўрқишинг керак бўларди. Бу кеча билган барча оятларимни сенга ўқиб бергим келяпти. Сўз – тингловчининг ҳақи. Қизиққан саринг гапиришни хоҳлаяпман. Раъд сурасида шундай оятлар бор: «Ва куфр келтирганлар: “Унга Раббидан бир мўъжиза тушса эди”, дерлар. “Албатта, Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга кетказур ва Ўзига тез қайтадиганларни ҳидоят қилур”, деб айт. Улар имон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳни зикри ила қалблар ором топур!» (27–28). Булар Аллоҳнинг огоҳлантиришларидир. Парвардигорини зикр қилмаган қалблар хотиржам бўлолмайди, ҳузур тополмайди. Қалбимизни зикр ила даволамас эканмиз, бошқа дорилар фойда бермайди. Демак, оятларни турли жиҳатлардан тинглаш ва англаш керак. 

– Менинг ҳам эсимга Бақара сурасидаги ушбу оятлар тушди. Аллоҳ таоло айтади: “Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр қилманг. Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз ила ёрдам сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир” (152–153). Бу оятларга амал қилиб, намоз ва сабр билан Яратгандан мадад сўрашим керак. Қалбим билан бўлаётган курашда ғалаба қозонишим шарт. Юрагимни назоратсиз қолдирмаслигим лозим. Китнинг қорнидан пайғамбарини қутқарган Аллоҳ хоҳласа, мени ҳам бу зулматдан чиқаради. Доим битта гапни такрорлайман: ўзимни Аллоҳнинг изни билан қутқараман. У ҳақида ўйлаш учун ўзимга вақт бермайман, имкон қадар тезроқ бу ердан кетаман. Деразадан ташқарига қараш ҳам йўқ. Чидайман. Юрагим нима деса-десин, мен уни эмас, Раббимни тинглайман. Энди сен уйингга бор. Раббим билан ёлғиз қолай. Бундан буён дардимни фақат Унга айтаман. Эртага мен учун янги кун бўлади, Худо хоҳласа. Тез фурсатда балиқнинг қоронғу қорнидан чиқиб, омонлик соҳилига етаман. 

– Сендек қатъиятли, ғурурли, номусли муслимадан фақат шу нарсани кутиш керак. Иншааллоҳ, эртага кўришамиз. 

Дугонасини кузатгач, таҳорат олган Фазилат кўзёшлари ила Аллоҳга дуо қиларди: “Бу кеча Сенга қайтаман, Раббим. Қўлимдан тут, Аллоҳим. Агар ёрдам бермасанг, мен бу зиндондан ёруғликка, ойдинликка чиқолмайман...” 

Шу тарзда соатлаб намоз ўқиди, зикр қилди. Бомдод азони эшитила бошлади: «Аллоҳу акбар!..» Бу сас бугун гўё бошқача хабар бераётгандек бўлди. Намозларини хушуъ билан, қалби роҳатланиб ўқиган Фазилат хотиржам ҳолда ўрнига ётди. Тушида денгиздаги балиқнинг қорнидан қутулганини кўрди.

Соат ўнларда уйғонди. Ўзгарганини ҳис қилгандек бўлди, лекин энди қалбига ишонолмасди. Ўзини билдирмасликка уринса ҳам, бироқ яширин бир оташ қалбининг бир бурчагида турарди. 

Амина Шенликўғли 

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

ИИВ огоҳликка чақирмоқда

670 18:03 02.06.2023

Замзам қудуғи тарихи

504 16:40 02.06.2023

Алоқа компанияларининг махсус ўйинлари ҳалолми?

551 11:15 02.06.2023

Путин ва Зеленский Туркияга боради

1327 10:01 02.06.2023

Ҳожар онамиз чўри бўлганми ёки малика?

2586 17:35 01.06.2023

Белгород ўққа тутилди: ўн киши яраланган

1523 15:50 01.06.2023
« Орқага