«Зулфиячиларнинг гапиришига, ҳозиргиларнинг Кобальтга эга чиқиш услубига қараб, маддоҳлик хасталик эканига амин бўлдим»

17:00 12.07.2019 1143

Ўтган йиллардаги зулфиячи қизларнинг гапиришига, ҳозиргиларнинг Кобальтга эга чиқиш услубига қараб туриб, маддоҳлик* хасталик эканига яна бир бор амин бўлдим. Бунинг далили сифатида унинг йиллар оша ирсдан ирсга ўтиб келаётганини, унга қарши кампания кучайса ҳам, иллат сифатида тугатиб бўлмаётганини ва айниқса бу хасталик жамият танасини оғир хасталик каби фалажлаётганини кўрсатиш мумкин.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади:

“Агар маддоҳларни кўрсангиз, юзларига тупроқ сочинг!“

Тупроқ сочишнинг маъносини уламолар, улар умидвор бўлган нарсаларидан маҳрум қилинг, дея таъвил этишган. Имом Нававий ҳадиснинг зоҳирини тутиб, ҳақиқатда ҳам маддоҳларнинг юзига тупроқ сочиш керак, дейдилар.

Нима бўлганда ҳам бу ҳадисдан, жамиятда маддоҳлик касалига чалинганларни таҳқирлаш ва мақсадларидан ноумид қилиб қўйиш кераклиги тушунилади.

Демак, вабо каби ёйилган бу касалликнинг давоси айнан шу.

* Маддоҳлик - Абу Сулаймон Хаттоб роҳимаҳуллоҳнинг айтишларига кўра, одамларни мақташни, кўкларга кўтаришни ўзига одат қилиб олган кишилардир. Улар шу йўл билан тирикчилик қилишади. Оқибатда мақталган кишининг манмансираши, обрўсизланиши ёки алданиб қолиши каби фитнасига сабаб бўлишади.

Мубашшир Аҳмад

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!