Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Зулм технологияси»: Ҳокимиятнинг Сталинга ўтиши

1013

1924 йил 21 январ. Ленин ўлди. Сталин қутулди. Ўша пайтда Котибиятда ишлаган Бажановнинг ёзишича: «Сталин қувончли ҳаяжон ичида эди. Мен уни ҳеч қачон бундай – Ленин ўлганидан кейинги кунлардагидай кўтаринки кайфиятда кўрмагандим. У қониқиш ҳисси билан хонанинг у ёқ-бу ёғига бориб келарди». 

Троцкийга дафн кунини «нотўғри» хабар қилишади ва у маросимда қатнаша олмайди. Сталин эса ўзини «жиддий ва сипо» тутган ҳолда Лениннинг майити солинган тобутни елкалаб борди. Сталин Владимир Ульяновни одамдай тупроққа топширишни истаган оиласи қарши бўлишига қарамасдан, Қизил Майдонда мавзолей қурдириб, унинг ўлигини томошо учун қўйдиради.

Иккиюзламачи Сталин ўлганига ич-ичидан қўвонаётган ўз доҳийсига садоқат ҳақида қасам ичарди. У мотам маросимини ҳам спектаклга айлантиради. Сталиннинг видолашув сўзлари ҳайратлидир:

«Биздан кетаётиб, ўртоқ Ленин партия аъзоси деган буюк унвонни юксак тутиш ва тоза сақлашни васият қилди. Ўртоқ Ленин, сенинг бу ҳидоятингни шараф билан бажарамиз деб қасамёд қиламиз.

Биздан кетаётиб, ўртоқ Ленин партиянинг бирлигини кўз қорачиғидек сақлашни васият қилди. Ўртоқ Ленин, сенинг бу ҳидоятингни ҳам шараф билан бажарамиз, деб қасамёд қиламиз».

Бу ерда, менинг назаримда, мамлакатни бундан сўнг Сталиннинг «доно раҳбарлиги остида» кутаётган фожеалар аниқ айтилганга ўхшайди. Сталин кейинчалик «партия аъзоси деган буюк номни юксак тутиш ва тоза сақлаш» мақсадида «тозалаш»лар – минглаб, миллионлаб одамларни қирган оммавий қатлиомлар уюштирди. Бу номни «юксак тутиш» учун партия аъзолари тинимсиз итоат қилишга мажбур этилди. «Партиянинг бирлигини кўз қорачиғидек асраш» учун қанча-қанча кўзлар бевақт юмилди, ҳурфикрли инсонлар «шараф билан» ўлдирилди, қамалди, қувғин қилинди.

Айнан Лениннинг ўлими Сталинга ҳокимиятни батамом қўл остига жамлаш ишончини тугал бахш этди.

1924 йилдан 1929 йилгача Сталин ҳам худди Гитлер каби тиришқоқлик билан яккаҳокимлик мавқеини эгаллашга интилди ва бунинг воситаси партияни бўйсундириш эканини тушунди. Олмонияда Гитлер партиясининг яккаҳокимлигини бошқа партиялар билан рақобатда исботлаши керак эди, Россияда Сталиннинг компартияси аллақачон яккаҳоким партия эди. Иккинчи томондан, Олмонияда нацистлар партиясида Гитлер аллақачон партиясини ўзига бўйсундирган, нацистлар унинг раҳбарлигини тан олган бўлса, Россияда Сталин мамлакатда яккаҳоким бўлган партияда ҳали яккаҳоким бўлиши учун тинимсиз зимдан курашишига тўғри келаётган эди.

Сталин ўзининг ҳокимият учун курашини партиянинг сиёсати борасидаги мунозаралар замирига жойлаган эди. Буюк қаллоб, сиёсий қиморнинг устаси Сталин хатосиз ҳаракат қилар, мақсади - ҳокимият эканини бир дақиқа ҳам назардан қочирмас эди.

Гитлер ҳам, Сталин ҳам партиянинг ички тузилишига катта аҳамият берган эдилар. Гарчанд Гитлер партиянинг ички тартибларини ўзи белгиласа-да, буни партиянинг бюрократик аппарати ортида туриб амалга оширар эди. У партиянинг сиёсий йўналиши ҳақидаги баҳсларга ҳам аралашмас, ўзини гўё «юқори» тутарди.

Сталин ҳам ўзининг «юқори» эканини кўрсатишни хоҳласа-да, ҳали бунинг пайти эмасди, чунки ҳали партияда Лениннинг сафдошлари тирик эдилар. Шунинг учун у ҳали ўзини оддий партия ходимларига яқин тутар, аммо зимдан ўша оддий ходимларга «ким томонда туриш керак»лигини англатиб борарди. Сталин Ленин вафотидан сўнг олти йил давомида доҳийлик мақоми учун кураш олиб борди. Совет тузумининг ўзига хослиги шундаки, бу кураш жамиятдан алоҳида – партиянинг юқори бўғинида олиб борилар эди. Сталин ҳам, унинг рақиблари ҳам мақсадлари ҳокимият эканини ҳеч ҳам халққа ошкор этолмас эдилар. Ахир, улар гўё шу шўрлик халқ «бахт-саодати учун» инқилоб қилган эдилар ва энди «халқ фаровонлиги»ни ўйлашлари лозим эди.Ленин вафотидан сўнг ҳокимият учун курашда қатнашаётган органлар партия съездлари ва партиянинг фавқулодда конференциялари эди, яъни ҳокимиятнинг тақдири халқ билан, эл-юрт иродаси билан эмас, ана шу органларнинг ички талотўмида ҳал бўларди. 1924 йилдан то 1929 йилгача партия съезди ва фавқулодда анжумани уч мартадан чақирилди. 1925 йил декабрида ўтган XIV съездда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 600 делегат қатнашди, бу съезд то Сталин ўз тарафдорлари кўпчилик бўлишини таъминлагунича бир неча бор қолдирилди. Ҳокимият учун янада очиқ кураш борган яна икки орган бор эди – бу Сиёсий Бюро ва Марказқўм Пленуми эди. Ленин Марказқўмни кенгайтиришни, уни ёшлар билан тўлдиришни таклиф қилганида ҳокимият тақдирини тор доирада эмас, кўпчилик билан ҳал этиш кераклигини, шунда зимдан сиёсий ўйинлар ўтказиш имконияти камайишини назарда тутган эди. Аммо Сталин бу «кенгайтириш»дан ўз мақсадлари йўлида фойдаланди ва Марказқўмни ўз одамлари ҳисобига «кенгайтирди».

Албатта, кўп кишилик мажлислар, истайсизми-йўқми, мунозараларга айланиб кетади ва ҳар қандай баҳс исталган пайтда овоз бериш билан якунланиши мумкин – бу ҳолатда ўз фикрингни зўрлаб ўтказишинг қийин. Бироқ Сталин ўзида шундай сифатларни касб эдики, у асосли важларни ҳам саҳнаорти ҳаракатлари билан йўққа чиқарар, ўз мақсадларини Ленин асарларидан келтирилган иқтибослар билан беркитар, ўз рақибларини уларнинг аввал айтган сўзлари билан қайтарар ва оппортунизмда, ленинизмдан чекинишда, айирмачиликда айбларди.

Гитлернинг нутқлари жуда кўтаринки, оломоннинг эҳтиросига мўлжалланган бўлса, Сталиннинг нутқлари изчил, марксча андозаларга мос бўлиб, уларни ўқиш зерикарли эди. У ўзини назариётчи ҳисобламасди, у Ленинни ўзича талқин қилиб юрган ҳаваскор эди. Албатта, ҳокимиятга қатъий ўрнашиб олганидан сўнг у атайлаб танлаб йиғилган, савол бермайдиган, гунг аудиторияларда «назарий» нутқлар ўқий бошлади. Халқ жим бўлгани сари унинг худбинлиги ошиб борди, овози қатъийлашди.

Энг ҳайратланарлиси, Сталинни Бош котиб қилиб тайинлаган Сиёсий Бюро аъзолари унинг зимдан асраб юрган ҳокимиятпарастлик майлларини сезмаган эдилар. Қолаверса, улар Сталин партия тизимида зимдан ўз фойдасига ўтказган сифат ўзгаришларини ҳам сезмай қолдилар. Биринчидан, партия сон жиҳатидан ўзгарди. Лениннинг талаби билан партияни Фуқаролар уруши пайти қўшилиб қолганлардан тозалаш ўтказилганда 1923 йил охирига келиб аъзолар сони 567000 кишидан 350000 кишига қисқарди. Улкан мамлакат олдидаги вазифаларни бажариш учун Сталиннинг наздида бу кам эди, шунинг учун у 1924 йилда марҳум доҳий хотираси шарафига янги қабул эълон қилди ва икки йилда партия сафи ярим миллиондан бир милллионга кўтарилди. 1933 йил бошига келиб партия аъзолари сони 3,5 миллион кишига етди. Партияга "текисланган", ”йўнилган” кимсаларнигина қабул қилишларини, партия аъзоси бўлиш кишига бошқалардан кўра афзал мақом беришини ҳамда шу баробарида «юқори» қошида итоаткор бўлишни тақозо этишини назарда тутсак, коммунистлар сони кўпайишидан Сталиннинг манфаатдорлигини тушунгандай бўламиз.

Партияга янги қабул қилинган аъзоларнинг аксарияти партия функционерлари эди, бу ёшлар тажрибасиз, ғўр бўлиб, уларнинг аксарияти илмсиз ҳам эдилар. 1927 йилда партия аъзоларнинг олий маълумотлиси 1 фоизга ҳам етмасди, ўрта маълумотлилар 8 фоиз атрофида эди. Сталиннинг Котибиятига кекса, ўжар коммунистларга қарши қўйиш учун айнан ана шундай итоаткор аъзолар керак эди. Партиянинг кекса аъзолари Ленин тириклигида қийинчилик билан қарор топган ички демократияга ўрганган, мунозаралар ва назарий тортишувларга муккаларидан кетган эдилар, «ёш коммунистлар» эса бу баҳслардан безор, ҳаракатга чанқоқ, Россияни “индустриаллаштириш”да Сталинни қўллаб-қувватлашга тайёр аскарлар эдилар, уларнинг бирдан бир умиди – хизматлари эвазига халқдан тепада туриш учун маълум имтиёзлар олиш ҳамда секин-аста амал поғонасида кўтарилиш эди. Имтиёз ва амал тақсимлаш эса Сталин ва унинг Котибияти қўлида эди, буни итоаткор коммунистбаччалар яхши тушунардилар ҳамда қанчалар итоаткор бўлсанг, шунчалар имтиёздор ва амалдор бўласан, деган сталинона тартибни ҳам яхши англардилар. «Назариётчи»лардан фарқли ўлароқ, Сталин итоаткор ёшлар наздида «амалиётчи», ҳаётга яқинроқ эди. Унинг қўполлиги ҳам ёшларга қатъиятининг далолати бўлиб кўринар эди.

Партия мамлакат қаршисида турган буюк мақсадларни амалга ошириш учун ўз тизимини мустаҳкамлаши керак эди ва, ажабки, бу Сталиннинг ҳокимиятни бир қўл остига жамлаш истагига ҳам мос келаётган эди. Сталин мансабдор шахсларни юқоридан пастга, пастдан юқорига кўтариш ваколатларидан ташқари, ўз рақибларини четлаштириш – бирор бир мамлакатга дипломатик ишларга йўллаш ёки Узоқ Шарқнинг олис минтақаларига ёхуд Марказий Осиёнинг жазирама чўлларига жўнатиш ваколатига ҳам эга эди. 1926 йилдаёқ бирлаштирилган ҳокимият тизимларида партиянинг «номенклатура» аталмиш 5500дан зиёд юқори мансабларини тайинлаш марказий идоралар, яъни Сталиннинг ваколатига кирар эди. Минтақаларда партия котиблари энг маҳобатли ва ваколатли шахсларга айланиб борардилар. Жойлардаги лавозимлар айнан ана шу марказ тайинлаган котибларга боғлиқ бўлиб, Сталин улар орқали ўз таъсирини ўрта ва қуйи бўғинга ҳам ўтказар эди. Айнан ана шу районлар ва вилоятлар даражасида партия съездларига делегатлар танлаб олинишини ҳисобга олсак, аста-секин делегатлар таркибида партиянинг котиблари кўпайиб борганини кўрамиз. 1921 йилда ўтган партиянинг X съездида фирқа котиблари 25 фоизни ташкил этган бўлса, 1923 йилдаги XII съездда – 55%, 1924 йилги XIII съездда – 65% ва 1925 йилги XIV съездда партия котиблари делегатларнинг 70 фоизини ташкил этдилар. 

Шундай қилиб, Лениннинг Сталиннинг ҳокимиятини чеклаш учун Марказқўм ва Марказий Назорат Қўмитасини кенгайтириш таклифи Сталин ўтказган ички партиявий эврилишлар натижасида аксинча Сталиннинг ҳокимиятини янада кучайтирди. Ленин умид боғлаган «партиянинг маҳаллий кадрлари» Сталиннинг қўлида қуролга айландилар. Партия котиблари Марказқўм аъзолиги ва аъзоликка номзод бўлиш учун Сталиннинг чизган чизиғидан чиқмас эдилар. Партиянинг ленинчи фахрийлари учун партия съездларида сўз олиш, ўз фикрини айтиш имкони кун сайин торайиб борарди, сталинчи котиблар уларнинг сўзларини бўлар ва тилини тийишга мажбурлар, масала овозга қўйилганда кўпчилиги Сталин тарафдори бўлган итоаткор делегатлар Бош котибга мақбул қарорларга овоз берардилар. Қарабсизки, бутун мамлакат Сталиннинг қўлига ўтди.

(давоми бор)

Карим Баҳриев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мусиқа рисоласи

290 20:20 07.08.2022

Катталар ўрнак бўлса, бола намунали бўлади

430 19:30 07.08.2022

Мактаб формасига сиёсатшунослар фикри

660 18:30 07.08.2022

Афғон (Афғон диёрида қачон тинчлик бўлади?)

460 16:30 07.08.2022

Тавозе билан хорлик орасидаги фарқ

313 14:35 07.08.2022

Қодиров ва Шойгу норасмий учрашув ўтказди

721 13:07 07.08.2022
« Орқага