Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Зулм технологияси»: Лениннинг ўлими

1076

Троцкий 1923 йил 8 октябрда Марказқўмга очиқ хатини эълон қилади. Унда Сталин тўдаси қўлидаги раҳбариятнинг таназзулга судраётган иқтисодий сиёсатидаги хатоларини танқид қилади, Сталин бошчилигидаги Котибиятнинг сайловларда овоз беришни назоратга олиши ва партиядаги мунозаралар эркинлигини йўқотишини беқарорликнинг сабабчиси сифатида фош этади:

«Партия ходимларинг шундай кенг қатлами юзага келдики, улар ўз шахсий фикрларидан тўла воз кечмоқдалар, бу фикрларни очиқ айтмаяптилар, бу Секретариат тожу тахтини партия фикрини яратадиган ва партия номидан қарор барпо қиладиган девонга айлантирмоқда… Бу қатлам остида ҳар бир қарорни буйруқ ёки шарт сифатида қабул қилиши талаб этилаётган кенг партия оммаси ётибди… Бу асосий паартия қатламида тўпланаётган норозиликлар омманинг партия ташкилотига таъсир этиши воситасисида (партия қўмиталари ва котибиятларига сайловлар) ифода этилиши имконияти йўқотилгани учун зимдан тўпланмоқда ва ички тарангликни туғдирмоқда». 

Троцкий совет тузумининг шоҳтомирида оқаётган хасталигини – демократияни, сиёсий ҳурфикрлик ва мунозараларни йўқотиш оқибатида ўзини ҳаётбахш воситадан маҳрум этганини, натижада иқтисодий таназзулга келганини, сиёсий ислоҳотлар ва иқтисодий ислоҳотларнинг муштараклигини, жамиятда сиёсий эркинликларга йўл очилмаса, иқтисод ҳам бўҳронга учрашини илғаган кўринади.

Сталинчи Сиёсий Бюро Троцкийнинг танқидини унинг шахсий адовати, саноат ва армия устидан чексиз ҳокимиятга эгалик қилишга интилиши деб баҳолади. Бироқ 15 октябрда Сиёсий Бюрога партиянинг 46 машҳур арбоблари имзолаган, Троцкий айтган фикрларга ҳамоҳанг баёноти келиб тушади. Энди бу баёнотни осонликча инкор қилиб бўлмасди.         

Марказқўм Троцкийнинг иштирокисиз ўтган мажлисида Сталин тўдаси, бир томондан, Троцкицни ва баёнотни имзолаган «қирқ олти»лар гуруҳини партияни парчалаш ва тарафкашликда айблайди, иккинчи томондан, демократия тамойилларига содиқликларини намойиш қилиш учун «Правда» газетаси саҳифаларида ясама «мунозара» уютиришга, Троцкийга мунозара керак бўлса, уни ҳам Сталин томонидан бошқарилган ҳолда ўтказишга қарор қилади.

Мунозарани «Правда» газетасининг 7 ноябр сонидаги мақоласи билан Зиновьев бошлаб беради: “Бизнинг асосий фалокатларимиз кўпинча ўта муҳим қарорларнинг юқорида ҳал этилиши туфайли юз беради». Маҳаллий партия ташкилотларида бир муддат жонли мунозаралар бўлиб туради. Тортишувларнинг авж нуқтасида отахон Сталин пайдо бўлади ва «пролетариатнинг жанговор отряди бўлган партияни мунозара клубига айлантиришдан асраш»ни талаб қилади. Умуман олганда, итоататкорлик ва ижодкорлик, мусодара ва мунозара орасидаги фарқ тоталитаризм ва демократия орасидаги фарқ демакдир. Буюк донишмандлардан бири: «Катта хавф олдида халқ бирлашади», - деган эди. Бу ҳақ гап. Масалан, уруш пайтида ҳамма аскарга айланади, сартарошу сангтарош ҳам, гўркову даллол ҳам, олиму жоҳил ҳам душманга қарши елкама-елка туришга мажбурдир. Ҳамма қўмондонга итоат қилиши шартдир. Мамлакат тақдири хавф остида қолганда бу тушунарлидир. Аммо тоталитаризм уруш йўқида ҳам ҳаммани бир андозага солишга ва ўз олдида сафга тизиб қўйишга ҳавасманддир. Уруш бўлмаса, у «ички душманлар», «қўпорувчилар», «фаровонлигимизни кўролмаслар», «синфий душманлар» ва ҳакозоларнинг фаоллашганини баҳона қилиб, «бирдамлик»ка, «бирлашиш»га чақиради, «ҳар хил фикрларга берилмаслик»ка даъват этади. Унинг хоҳиши - ҳеч ким юргизилаётган сиёсатига қарши бўлмаслиги керак. Бундай тузум тузумнинг душманларини «Ватан хоини», «халқ душмани» атайди. Масалан, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби минглаб Ватан ва халқ учун куюнган фидойи инсонлар «Ватан хоини», «халқ душмани» аталдилар ва отилдилар. Ҳолбуки, улар Ватаннинг ҳақиқий дўсти, халқнинг жонфидо ҳимоячиси эдилар, «халқ душмани» эмасдилар, халқнинг тепасига зўрлик билан ўтириб олиб, зулм юргизаётган Сталин ва у барпо этган тузумнинг душмани эдилар. «Жипслик», «бирлик» учун ўз фикрини ичга ютиш оқибатида сиёсат ҳам, иқтисодиёт ҳам, маънавият ҳам, бутун жамият ҳам фикрсизлик, жаҳолат комига тушиб бораверади ва оқибатда таназзул ботқоғига чўкади.

Сталин тўдаси Сиёсий Бюронинг ҳаракатларига бирлик тусини бериш учун Тройкий билан келишиб, 5 декабрда ўз муросавий резолюцияси матнини чоп этади. Аммо икки томон ҳам бир-бирининг самимийлигига ишонган эмасди. 

Троцкий 8 декабрда яна очиқ хат билан чиқади. У инқилобнинг аҳамиятини тан олади, аммо инқилоб партиянинг барча 400000 аъзоси иштироки билангина муваффақият қозониши мумкин, шунинг учун яна бир тўда бюрократларга «янги курсни ишлаб чиқишни топшириб бўлмайди, улар бу курсни яна бюрократларча йўққа чиқарадилар».

Қарама-қаршилик кучайган бир пайтда Сталин Лениннинг партия ичида гуруҳларни ва фракцияларни ман этувчи Х-съездда қабул қилинган резолюциясини рўкач қилиб, Троцкий ва барча мухолифатчиларни партияни бўлишда айблайди.

Троцкий орқага чекинади, мухолифатни бошсизлантириб, Қора денгиз бўйидаги санаторийга даволангани жўнайди. Сталин, Зиновьев ва Бухарин партиядаги мухолифатни яксон қилишга киришадилар. Марказқўм съезд эмас, одатда сайланмайдиган, Котибият томонидан тайинланадиган партия котиблари қатнашадиган партия конференциясини чақиради. Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 128 делегатдан фақат уч киши мухолифат вакили эди, холос. 

Сталин Троцкийни, конференцияда қатнашмаётганлигидан фойдаланиб, «олти принципиал хатоси» учун аёвсиз танқид қилади. Преображенский Сталинга бир оғиз эътироз қилганда, унга ўшқириб беради: «Сиздан сўрашга рухсат беринг, Преображенский, нима учун Сиз бу даҳо одам (Ленинни назарда тутмоқда. – К.Б.) билан Брест сулҳи масаласида келишолмадингиз? Нега сиз бу даҳо одамни энг оғир дақиқада ташлаб кетдингиз ва унга қулоқ солмадингиз? Қайда, қайси лагерда эдингиз?» Сталин фикрига эътибор қилинг: у, биринчидан, бемор ётган Ленинни ҳали ўлмасидан сиғиниладиган бутга айлантириб, унга қачондир шубҳа қилганлиги учун рақибини сўроқ қилмоқда; иккинчидан, у Преображенскийни ленинчилар лагерида эмасдинг, деб қўрқитмоқда, яъни аллақачон партияни «ўзимизникилар» ва «бегоналар»га бўлиб, «ўзга лагер»га қарши уруш очмоқда; учинчидан, Лениннинг ташаббуси билан қабул қилинган «Партиямизнинг бирлиги ҳақида» номли резолюцияни қалқон этганча, партия сафида ҳурфикрлиликка қарши ўт очмоқда.

«Партияни қўрқитманг», - дейди унга жавобан Преображенский. «Партияни эмас, гуруҳбозларни денг», - деб гап бермайди Сталин. Шундан сўнг, Сталин партиянинг ичида фракция тузганлик учун партиядан ўчириш ҳақидаги Ленин 1921 йилда қабул қилдирган резолюцияни ўқиб эшиттиради. Сталин шунингдек махфий ҳужжатларни ошкор қилганлик учун ҳам қаттиқ чора қўлланилишини маълум қилади. У бу ўринда, эҳтимол, Сталинни Бош котибликдан олиш ҳақидаги Лениннинг «васияти»ни назарда тутган бўлса керак.

1924 йил январида ўтган ушбу XIII-партия конференцияси мамлакат ва коммунистик фирқа тарихида муҳим ўрин тутади. Шу пайтгача мухолифатга унча-мунча қулоқ солиб келинар эди. Мунозаралар ҳам бўлиб турарди. Ушбу конференцияда илк бор бутун мажлис аввалдан тайёрланган режа бўйича ўтди ва унда аввалдан ёзиб қўйилган қарорлар қабул қилинди. Совет давлатида шундан сўнг ўтган барча съездлар, анжуманлар, мажлислар энди шу йўсин ўтадиган бўлди.

Ушбу конференция ҳақидаги ҳисоботни Крупская бемор Ленинга ўқиб беради. У титраб-қақшаб кетади, аммо гапира олмайди. Эртасига эрталаб у учинчи бор инсультга учрайди ва тушдан сўнг оламдан ўтади.

(давоми бор)

Карим Баҳриев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ғазо соҳили Исроил ҳужумида ҳалок бўлган болаларнинг исмлари ва расмлари билан “безатилди”

41 12:20 18.08.2022

Ким Байтуллоҳга кирса, яхшиликларга кирибди...

114 11:56 18.08.2022

БМТ Мьянма ҳарбий маъмуриятини репрессияларни тўхтатишга чақирди 

76 11:40 18.08.2022

Мексика “журналистхўр” мамлакатга айланиб қолди

110 11:10 18.08.2022

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг тўртинчи йиғилиши бошланди

73 10:46 18.08.2022

Эрондаги тошқинлар оқибатида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

87 10:40 18.08.2022
« Орқага